Ассалому алайкум қадрдонлар. Хасад, кишини еб битирадиган ёмон ҳиссиёт. Буни ҳасад қиладиганлар яхши билишади. Хасад қилмай ҳам яшаш мумкин-ку! Бунинг учун ҳасад қилмасликни ўрганиш лозим. Аёллар орасида бир бирига хасад қилиш бор. Бу муносабатларда аниқ кўзга ташланади. Эркаклар ўтасида ҳам хасад мавжуд. Бу гарчи кўзга кўринмаса ҳам буни сезиш қийин эмас. Ошналар, ўртоқлар бир-бирига хасад қилиши мумкин. Аммо ҳозирги суҳбатимиз дугоналар ёки ошналар ўртасида бўладиган хасад ҳақида эмас.
Сиз мутлақо суҳбатимизни узоқдан бошлашга қарор қилган кўринасиз. Келинг суҳбатнинг асосий мавзусига ўтамиз. Эр-хотин ўртасида хасад бўлганини кўрганмисиз? Йўқ, қандай қилиб, бир-бирини севган икки киши бир-бирига хасад қилиши мумкин, дейсизми? Бу бор гап. Келинг яхшиси мен эркакларнинг хасади ҳақида гапираман. Уларнинг хасади бошқача кўринишда рўёбга чиқади. Агар аёли яхши жойда ишласа, ундан кўра кўпроқ пул топса, ишида муваффақиятларга эришса, хотинига хасад қилишни бошлайди. Эркак хасад қилаётганини ўзи ҳам сезмайди, ёки сезган тақдирида ҳам, буни хотинининг ишлашини таъқиқлаш билан ифодалайди.
Ҳа, энди билдим, нега эркаклар кўпинча, хотинларининг у ёки бу иш қилишларига рухсат бермасликларини. Демак бу эркакларнинг хасади экан-да! Хасад аёлларда ҳам бор. Эрнинг ёки хотиннинг оилавий келиб чиқиши турлича бўлади. Агар эрнинг ота-онаси эрига ҳаддан ташқари, меҳрибон, ғамхўр бўлса-ю, аксинча хотиннинг ота-онаси ундай бўлмаса, хотин эрнинг бундай оиласи борлигидан хасад қилади. Бу бир мисол. Хотин кишининг хасад қилишига мисоллар кўп. Масалан овсинига. Овсини бойроқ оиладан бўлса-ю, унинг кийинишлари, тақинчоқлари, имкониятлари, бу келинникидан ортиқроқ бўлса, бу ҳам унинг хасад қилишига сабаб бўлади.
Овсинлар ўртасидаги хасад ҳақида кўп эшитганман. Эр-хотин ўртасидаги асосий уруш жанжаллар ҳам хотиннинг овсинига хасад қилиш оқибатида келиб чиқади. Хотин кишининг хасади, эркак кишининг чўнтагига зиён келтиради. Эркак ўз хотинининг муваффақиятларига хасад қилаётган пайтда, буни ўз вақтида тўхтатиши керак. Акс ҳолда бу ҳам оиладаги катта жанжалга сабаб бўлиши тайин. Агар эркак киши хотинининг кўп пул топишига хасад қилаётган бўлса, аёллар бироз донолик билан иш тутишларига тўғри келади.
Келинг аёлларнинг нима қилиши кераг-у нима қилиш керакмаслигини мен айта қолай. Бундай пайтда аёл киши, топаётган пулини эрига писанда қилмаслиги лозим. Болаларига бирор нарса харид қилаётганда ҳам гап-сўзларига эҳтиёт бўлиши керак. Мен сенга эртага мана бунақа олиб бераман, ёки сенинг мана бу нарсанг учун пул йиғаяпман, каби сўзлар эркак кишига ёқмайди.
Ҳақ гапни айтдингиз. Аёл ишидаги муваффақиятларидан доимо, мақтаниб гапирмаслиги, қанча кўп муваффақиятга эришса, шунча кўп эрининг ютуқлари ҳақида гапириши, яхши ишлашида эрининг ҳиссаси кўплигини таъкидлаб туриши лозим. Эркак киши ҳам хасад қилмай яшашни ўрганиши керак. Қандай қилиб хасад қилмаслик мумкин? Буни кейинги суҳбатимиздан билиб оласиз.