MP3

Ассалому алайкум. Сиз тушларга қизиқасизми? Тушларга қизиқмайдиган, унинг сирини билишга уринмаган одам бўлмаса керак. Чунки тушлар инсониятни жуда қадимдан қизиқтириб келган. Тушларнинг қадимий талқинлари милоддан 3000 йил муқаддам лой тахтачаларга битилган «Гилгамиш ҳақида достон»да кўриш мумкин. Қадимги Юнонлар ва мисрликлар ибодатхоналарда даволовчи тушлар чақириш билан шуғулланганлар. Шимолий америкалик ҳиндуларнинг махсус хоналарида маросимлар пайтида кўрилган тушлар таъбир қилинган ва одамлар шу асосда маълум хулосаларга келишган. Баъзилар тушлар кишининг ўз ички оламини намоён этади десалар, баъзилар бу фикрга мутлақо қўшилмайдилар ва тушларга эътибор қилиш керак эмас деб ҳисоблайдилар. Тушларга ишонадиган кишилар тушлар ёрдамида ўз ички «мен»ини топишга уринмоқдалар.

Тушлар шуниси билан қизиқарлики, унда кундалик қиёфалар онг билан тўқнашганда англанган ва англаб етолмаган жиҳатлар қоришиб, намоён бўлади.

Кўпгина олимлар ўзлари изланиш олиб бораётган муаммонинг ечимини, аввало тушда кўрганлар. Буни рад этиб бўлмайди. Сўнгра онгли равишда хулосани ишлаб чиққанлар. Аксарият рассомлар, бизнесменлар, тадқиқотчилар ва бошқа соҳа вакиллари ижодий хулосани тушларида топдилар. Бугунги кунда тушларга ишонмайдиган одамлар ҳам тушлар шунчаки алаҳсираш эмаслигига ишонтирадиган мисоллар кўп.

Бироқ ҳамма тушларни ҳам бир хилда муҳим деб бўлмайди. Баъзи тушлар инсон кун давомида бошидан кечирган воқеаларнинг онгда акс этиши ҳолос. Ҳамма тушларни ҳам муҳим ҳисоблаб, уларга ишониш ва таъбирлашга муккасидан кетиш ҳам ярамайди.

Бу инсонни заиф қилиб қўяди. Тўғри баъзида олимлар неча йиллардан буён жавоб топа олмаган саволига, тушларида жавоб топадилар. Буни онгнинг уйқу вақтида актив ишлаши дейишимиз ҳам мумкин. Чунки бу пайтда инсон онги бошқа нарсаларни ўйлашга куч сарфламайди. Инсон онгида фақатгина ўша муаммо бўлади. Шу туфайли сокинлик, миянинг ҳотиржамлиги, муаммонинг ечимига сабаб бўлади.

Бироқ тушларни муҳим деб хисоблайдиган олимлар бизга бошқача далилларни келтиришади. Америкалик олим Жеймс Ватсон ДНК молекулаларининг ўзига хос хусусиятларини туш ёрдамида кашф қилди. Бир неча йиллар давомида ДНКнинг молекуляр таркибини ўрганган олим бир куни тушида бир-бирига ўралашиб ётган илонларни кўради. Шу заҳоти уйғониб, бақириб юборади: «Балки, мен истаган нарса шудир? Балки, ДНК бир-бирига ўралган икки спиралдир?»

Ўз тахминини текшириб кўрган Ватсон ирсий код сирини кашф этди ва Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Айрим одамлар жуда кам туш кўраётганга ўхшайди. Аслида эса, ҳар бир одам эслаб қоладими-йўқми, тун давомида 6-7 марта туш кўради. Буни туш кўриш пайтида кўзларнинг тез ҳаракатланишидан билиш мумкин. Айни ҳолатни кузатиб, физиологлар инсоннинг қанча туш кўришини аниқлайдилар.

Гўдаклар уйқусининг қарийиб ярмида туш кўради. Агар ўтган кунимиз ҳис-ҳаяжонларга, янгиликларга бой бўлса, кўп туш кўрамиз. Ўрганишлар шуни тасдиқлайдики, кўрган тушлар одамни ҳаётий ўзгаришларга тайёрлайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top