MP3

Ассалому алайкум. Агар суҳбатларимизни тинглаб бораётган бўлсангиз, ўтган сафар сизлар билан жуда бир антиқа мавзу ҳақида суҳбатлашган эдик. Шубҳа ва Ишонч. Бу иккаласи ёнма-ён келиши мумкинми? Келиши мумкин экан. Буни кўриш учун шогирдларнинг ҳаётига бир назар солиб кўрайлик. Улар ҳам Исога шубҳа билан қараганмиканлар? Матто 28:17 оят шундай дейди: «Улар Исони кўриб, Унга сажда қилдилар. Баъзилари эса шубҳага бордилар.» Ишониш қийин, қандай қилиб узоқ вақт Исо билан бирга юрган, Унинг мўъжизларини, табиат ва ўлим устидан ҳукмронлигини кўрган шогирдлар Унга шубҳа билан қараган бўлсалар? Исо Лазарни тирилтирганида, улар Исо билан бирга эди-ку?! Беш минг одамни йўқ жойдан тўйдирганида ўша ерда эдилар-ку!

Қайиқ устида туриб, тўфонни тинчлантирганида, боладан ва бир нечта бошқа кишилардан жинни қувиб чиқарганида, кўрнинг кўзини очганида, шолни юргизганида Унинг ёнида эдилар-ку! Шунча нарсани, қудрат тўла сўзини эшитган шогирдлар яна қандай қилиб Уни тирик кўрганида шубҳага боришлари мумкин?! Ҳа, нима ҳам дердик. Калом борини ёзади. Улар чиндан ҳам, кўриб турганимиз Исомикан? – дея шубҳага боргандилар. Исони ҳали хочга михламасларидан олдин Уни хочга михлашаларини, аммо учинчи куни тирилажаги ҳақида айтган эди. Шогирдларнинг шубҳаланганларига қараганда, Исо бу сўзларни айтаётганда, сўзларнинг маъносини тўлиқ уқмаган кўринадилар. Исо улар билан тоғда охирги марта суҳбатлашаётганда шогирдларинининг баъзилари унга шубҳа билан қараётганини сезмаганмикан?

Албатта сезган. Аммо бунга эътибор қилмаган. Аксинча, уларга буюк бир топшириқни берган. Шогирдларига, шу жумладан шубҳаланаётганларга ҳам шундай деди: «Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўмилтириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.» Тўғрисини айтсам, мана шу охирги мисраларни жуда ёқтираман. Исо Масиҳнинг Ўзи ҳар куни, дунёнинг охиригача биз билан бирга бўлишини билиш, ҳис қилиш жуда ёқимли. Бу қийинчиликка тушган чоғимизда далда беради. Энди яна шубҳага қайтсак. Шогирдлар баъзида имонда биздан ортиқроқ, баъзида тенг бўлишган.

Чунки биз ҳам, ҳаётимиз давомида жуда кўп марта Худонинг ишларига шубҳа билан қараймиз. Унинг чиндан ҳам тўғри иш қилаётганига ишонолмаймиз. Баъзан эса, қийинчиликларимизга қарамай, Худога бўлган ишончимизни йўқотмаймиз. Биз ҳам шогирдлар каби, ҳаётимиздаги ҳар бир босқичда шубҳалансак-да, Худога бўлган ишончимизга тирмашиб, барибир олдинга юрамиз. Олға қадам ташлар эканмиз, Худо биздаги шубҳаларни бутунлай олиб ташлайди. Ҳар сафар Худо билан бўлган муносабатлар орқали У ҳақида кўпроқ билиб борамиз. Худо эса бизга ҳар сафар янги ва янги ҳолатларни бераверади. Ҳаётингизда нима содир бўлмасин, Исонинг ваъдаси ўзгармайди. У ҳар куни ва дунёнинг охиригача сиз билан бирга бўлади. Шуни билган ҳолда, Унинг буйруғига итоат қилинг. Унинг ҳокимияти остида дадил ва бақувват бўлинг. Шогирдларнинг ҳаёти ҳақида билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизда меҳмон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top