Ассалому алайкум. Ўтган сафарги суҳбатимизда Яҳё пайғамбарнинг Ўлик денгизи ғарб томонидаги чўлда улғайгани ва унинг ёввойи асал ва чигиртга еб, туя жунидан кийим кийгани ҳақида суҳбатлашган эдик. Агар ёдингизда бўлса, суҳбат охирида Яҳё пайғамбар ўз хизматини қачон ва неча ёшида бошлган деган савол берилганди. Бугун ана шу саволга жавоб топамиз. Яҳё ҳали хизматини бошламасидан олдин, одамлар рим ҳукмронлиги ва сиёсатидан жуда чарчаган, ҳолдан тойган умидсиз аҳволда эдилар. Яҳё ўз хизматини Иордан дарёсининг қуйи қисми Ерихонинг нариги томонидан бошлади. У ерда карвонлар ўтадиган йўл бўлиб, бу йўл тўғри Қуддус дарвозасига бошлаб борарди. Яҳё мана шу йўл чорраҳасида туриб, одамларни тавба қилишга чақира бошлади.
Унинг довруғи халқ орасида ёйилди. У ўз ваъзи билан бутун мамлакатни жунбушга келтриди.
Халқ тўда-тўда бўлиб Яҳёнинг таълимотини эшитишга келар, тавба қилганларни эса у Иордан дарёсида чўмдирарди. Ҳатто Хирод ҳам унинг сўзларини тинглашни ёқтирган. Ўша даврдаги тарихчи Флавийнинг ёзишича, у халқда катта таассурот қолдирган ва халқ унинг сўзлаши учун ҳамма нарсага тайёр эди.
Шундай кунларнинг бирида у Исо Масиҳни сувга чўмдириб, Масиҳ деб эълон қилди. Шундан сўнг унинг вазифаси тугади. Қутқарувчини халққа тақдим этиб, ўзи саҳнадан четлашди. Аммо, шундан кейин ҳам бир неча ой халқни сувга чўмдиришда давом этди. Исо Масиҳни сувга чўмдирганидан кейин тахминан бир йил ўтиб, Хироднинг буйруғига кўра зиндонга ташланди. Кейин эса Хиродиянинг қизи талаби билан унинг боши танасидан жудо қилинди.
Муқаддас Каломда Яҳё пайғамбарни қаерда ўлдиришгани ҳақида маълумот берилмаган. Аммо баъзи мутахассислар уни Ўлик денгизни шарқий томонидаги Макарус деган шаҳарчада ёки бўлмаса Жалила денгизининг ғарбий қирғоғидаги Тибериадада амалга оширилган деб хисоблашади. Хироднинг мана шу жойларда базмлар уюштириладиган қўрғонлари бўлиб, базмларни ўша ерда ўтказарди. Яҳёнинг бошини олиш иккинчи Фисих байрами чоғига тўғри келади. Хўш, у неча ёшида хизматини бошлади?У 30 ёшга тўлганида, Худо уни хизматни бошлашга чорлади. Унинг хизмати бор йўғи, бир ярим йил давом этди. У хизматини Исо Масиҳни чўмдиришидан бироз олдин бошлаган, ундан кейин ҳам шимолроқда жойлашган Эйнон ерларида бир неча ой ўз хизматини давом эттирган. Кейин эса хибсга олиниб, бир йил-у, тўрт ой зиндонда сақланган.
Кейин эса унинг бошини олишган. Мана шу билан у ҳақидаги ҳикоя ниҳоясига етади. Яҳё пайғамбар ҳақида қисқагина маълумот берилган бўлса ҳам, у дунёга ўз Қутқарувчисини таништирди. Унинг асосий вазифаси ҳам одамлар юрагида Исо Масиҳга йўл тайёрлаш ва Уни халққа таништириш эди. У ўз вазифасини аъло даражада бажарди. Исо Масиҳ шогирдларига у ҳақида шундай деган эди: « Сизларга чинини айтайин, аёл зотидан туғилганлар орасида Яҳё пайғамбардан буюги чиққан эмас» (Матто 11:11). Исо Масиҳни халққа Қутқарувчи, деб тақдим қилган Яҳёнинг ўзи нега Ундан шубҳаланди? Бу саволга кейинги суҳбатимиздан жавоб оласиз. Агар суҳбатимиз ҳақида саволингиз ёки таклифингиз бўлса, биз билан www.najot.com ва dilkash@najot.com манзилимиз орқали боғланинг.