MP3

Ассалому алайкум. Лука исми Муқаддас Каломда бор йўғи уч марта тилга олинади. Нега шунча кам тилга олинган экан. Ахир бу китоб кўпчилик имонлиларнинг энг севимли китоби-ку!? Кўпчилик Лука шахси ҳақида кўпроқ билгиси келади. Лука шахси ҳақида билиб олишдан олдин, Муқаддас Каломда у ҳақида нима ёзилганига қарайлик: «Севимли табиб Лука ва Димас сизларга салом йўллашяпти.» (Кол 4:14) Бу мактубда Павлус Лукани севимли табиб, деб атайди. Яна Филимўнга ёзган мактубида у Лукани ҳамроҳим, деб атайди: «Мен билан бирга Исо Масиҳ учун маҳбус бўлган Эпафрас, ҳамкорларим Марк, Аристарх, Димас, Лука сенга салом йўллаяптилар» (Филимўнга 24). 2 Тимофей 4 боб 11 оятда эса у ҳақида шундай ёзилган: «Ëнимда ёлғиз Лука бор. Маркни ўзинг билан бирга олиб кел. У менга хизмат учун керак.»

Муқаддас Каломда Лука ҳақида бор йўғи уч марта ёзилган бўлса ҳам, ҳар сафар у ҳаворий Павлус билан бирга экани ёзилган. Бу уччала парчада Лука билан бирга Марк ҳам тилга олинган. Бундан биз Лука ва Марк иккиси яқин ҳамкорлар бўлганини билишимиз мумкин. Ҳаворийлар китобининг охирида ёзган шахс исмлар ўрнига «биз» ва «улар» деган олмошлар ишлатилган. Бу олмошлар Лука Павлус билан бирга бўлганини билдиради. Агар охирги парчага эътибор қилсангиз Павлуснинг ўлимидан олдин ёнида ёлғиз Лука қолган эди. Бошқа шогирдлар бошқа шаҳарларга ёки бўлмаса уни ташлаб кетганларида, Лука Павлуснинг азобли ўлимигача бирга бўлди. Ҳаворийлар китобига диққат қиладиган бўлсак, Лука Павлус билан бирга Троададан то Филлипигача саёҳат қилган. Тахминан олти йил ўтиб, у яна Павлуснинг учинчи сафари тугашидан олдин унга қўшилади ва охиригача у билан бирга қолади.

Каломдан у ҳам Павлус билан бирга Рим Кесариясида зиндонда ётганини билиш мумкин. Агар доимо у Павлус билан бирга юрган бўлса, қачон Лука хушхабарини ёзган деган савол туғилади? Тахминларга кўра Лука Хушхабари Исо Масиҳ ўлимидан кейин 60 йилларда ёзилган. Биринчи китобини ёзиб бўлгач, иккинчи «Ҳаворийлар» китобини ёзган. Тахминларга кўра, у бу китобини Римда икки йил Павлус билан бирга зиндонда ётганида ёзган. Чунки бу икки китоб ҳам бир шахсга қарата ёзилган. Икки йил Кесарияда бўлиш Лукага Исо ҳақида кўплаб аниқ маълумотлар олишига ёрдам берди. У ҳамма аниқ маълумотларни Исонинг шогирдларидан, у билан бирга бўлган шахслардан билиб олди. Бу кишилар Кесариядаги илк жамоатнинг қурувчилари эдилар. Кесария Қуддусдан бир неча километр узоқликда жойлашган эди.

Бу пайтда Исо Масиҳнинг онаси тирик бўлган ва Қуддусда, Исонинг шогирди Юҳаннонинг уйида бўлган бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, Лука Исонинг онаси Марям билан кўп марта учрашиб, Исонинг болалиги ҳақида тўлиқ маълумот олган. Қуддус жамоатининг чўпони, Исо Масиҳнинг укаси Ëқуб ҳам акасининг ҳаёти ҳақида гапириб берган бўлиши керак.

Лука хушхабарини ўқир эканмиз, унинг бошқаларидан кўра тўлиқроқ эканини кўрамиз. Бу унинг ҳамма маълумотларни сабр-тоқат билан йиққанини ва яхшилаб тахлил қилганини кўрсатади. Биласизки у табиб бўлган. Табибларнинг ўзига яраша сифатлари бўлади. Улар бир хулосага келишдан олдин, яхшилаб ўйлаб, муҳокама қилиб, ўрганиб сўнг қарор қиладилар. Луканинг хушхабари илоҳий илхом билан ёзилган ва яхшилаб текширилган хушхабарлардан биридир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top