Ассалому алайкум ота – оналар. Болага ғамхўрлик қилиш ҳам иш бўлибдими, деб ўйларсиз. Аммо бугунги кунда болага қараш ва унга ғамхўрлик қилиш жуда муҳим иш. Кўпчилик ота-оналарнинг иккиси ҳам ишлайди. Ишдан келгач, боланинг уй вазифаларини текширасиз. Уни тергайсиз. Шу билан вазифангизни бажарган бўласиз. Болангиз учун бу етарли эмас. Агар фарзандингиз 3-5 ёш атрофида бўлса, бормасангиз ҳам ўзи ёнингизга келиб, сизни қучоқлаши, қучоғингизга чиқиб олиб, гаплашиши мумкин. Бироқ каттароқ фарзандингиз олдингизга ўзи келмайди. Шунинг учун ишдан сўнг ёки ишга кетишдан олдин уларга алоҳида вақт ажратинг. Болангизнинг ўқишлари қандай кетаётганини, қайси фанлардан қийналаётгани-ю, қайси фанларни яхши ўзлаштираётнини, синфдошлари билан муносабатини, уларнинг исмларини сўранг.
Ота-она фарзандининг мактабдаги ҳаёти ҳақида тўлиқ билса, мактабга тез-тез бориб турса, мактабдаги ишларига ёрдам берса, фарзанднинг ўқишлари яхшиланади, ўзини тутиши ўзгаради. Аммо бундай пайтларда фарзандингизга босим ўтказманг. Шундай қилингки, у сизнинг мактабга келишингизни хоҳласин. Фарзандингизни ўқитаётган ўқитувчилари ҳақида яхши билиш ҳам сизнинг вазифангиз. Бу билан сиз фарзандингизнинг эътиборга бўлган муҳтожлигини қисман тўлдирасиз. Ундан ташқари фарзандингизнинг мактабдаги ҳаёти ҳақида яхши билиб оласиз. Фарзанди ҳақида кўп нарса билмаган ота-она яхши ота-она эмас. Фарзандингиз ўсмир ёшга етаётган бўлса, баъзи бир ишларни улар билан бамаслаҳат қилишни бошланг. Унинг қизиқишларини, фикрларини ҳурмат қилинг. Бирор янги нарса ўрганганида, ёки ўзи ясашга ҳаракат қилганида, қанчалик хурсанд эканлигингизни кўрсатинг.
Шанба ва Якшанба кунлари бирор жойга бормоқчи бўлсангиз, фарзандингизни олиб боринг. Олиб бориш мумкин бўлган жой бўлса, албатта. Бу вақтни иложи борича, яхши ва мароқли ўтказишга ҳаракат қилинг. Агар фарзанд битта ёки иккита бўлса, улар билан вақт ўтказиш муаммо бўлмайди. Бироқ 3,4 ёки 5та фарзанди бўлган ота-оналарга бироз қийин бўлади. Бундай пайтда улар навбати билан фарзандларига вақт ажратишлари, уларнинг меҳр олиш йўлларига қараб, қарор қилишлари керак. Биласиз баъзи болалар, ота-онанинг суйиб эркалашини, қучоқлашини истайди. Бу уларнинг меҳр олиш усуллари. Бошқалари эса ота-онасининг унга эътибор қаратишини истайди. Бундай болалар билан бирор жойга бирга боришингиз мумкин. У билан бирор жойга борар экансиз унга ўргатишингиз керак бўлган нарсаларни ўргатинг.
Масалан, бошқаларга ёрдам беришни, ота-онага қандай ҳурмат билан муносабатда бўлишни, ҳар бир ишни ота-она билан бамаслаҳат қилиши кераклигини, худди ўргатмаётгандек бўлиб ўргатинг. Ўсмир ёшига яқинлашаётган ёки ўсмир ёшдаги фарзандлар билан муносабат қилиш, осон эмас. Бола ота-онанинг дўсти, сирдоши бўлиши учун ота-она кўп тер тўкиши керак бўлади. Бунинг учун болага фақат вақт ажратишнинг ўзи етарли эмас. Ҳамма томондан уни тушунишингизни, муҳаббатингизни кўрсатинг. Унинг дўстлари билан қизиқинг. Қандай болалар билан дўстлашаётганини билишингиз керак. Вақти-вақти билан дўстларини уйга меҳмонга чақиришига рухсат беринг. Болалар ҳақида қанча ўргансак оз. Агар бу борада билимингизни бойитмоқчи бўлсангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб ўзингизга керакли маълумотни олинг