Ассалому алайкум. Бугун бир вақтлар ёш бўлса ҳам ҳаётда анча нарсага эришган бир йигитнинг ҳикоясини тинглаймиз. Сизлар билан бўлишаётган гувоҳликларимизнинг ҳаммаси ҳақиқий ва биз билан бир ҳаводан нафас олаётган имонлиларнинг гувоҳликларидир. Келинг, бу ҳикояни унинг ўз оғзидан эшитинг:
«Мен оилада катта ўғил бўлиб ўсдим. Катта ўғил бўлганим учун-ми, жавобгарликни эрта ёшимданоқ ҳис қилишни ўргангандим. Ўқишга кириш учун бошқа шаҳарга келдим. Университетни яхши битирдим. Ўз мутахасисслигим бўйича ишлаш маъқул келмади. Бир ўртоғим билан бар очдик. Бар яқин атрофдаги ёшларнинг энг севимли маконига айланди. Бизнинг баримизда турли хил ичимликлар, жонли мусиқа, турли хил ёритиш асбоблари, алоҳида дам олиш хоналари бор эди.
Хуллас, ҳамма қулайликларга эга эди. Ҳар-ҳар замонда доимий мижозларга яширинча наркотик ҳам сотардик. Ишларим яхши кетарди. Шу барнинг орқасидан уй, машина олдим. Ҳар доим еганим олдимда, емаганим кетимда бўлди. Ҳеч нарсадан камчилигим йўқ эди. Ота-онам менинг бар очганимдан беҳабар эди. Улар мени ўз мутахассислиги бўйича ишлаяпти, деб ўйлашарди. Мен шу йиллар давомида бир нечта қизлар билан юрдим. Қилиш мумкин бўлган ҳамма гуноҳни қилдим. Аммо нимадир етишмасди. Ҳаётимда, яшашимда камчилик бўлмаса-да, қалбим тез-тез ғашланиб турарди. Чиндан ҳам нимадир етишмаётгандай туюларди менга. Ота-онам Художўй одамлар бўлиб, мени яхши одамлар билан ҳамроҳ бўлишимни, тез-тез жамоатга бориб туришимни истарди. Мен эса ҳар сафар телефонда гаплашганимда, уларни алдардим.
Бир куни баримизга бир йигит келиб қолди. У билан жуда яхши гаплашдик. Суҳбатимиз охирида мени тоққа чиқишга таклиф қилди. Мен ҳам боришга ваъда бердим. Бу саёҳат мени бутунлай ўзгартириб юборди. Уларнинг орасида бўлган икки кун худди тушдай эди. Бутунлай бошқа руҳий оламга тушиб қолгандай эдим. Худо менинг юрагимга гапиргандай эди. Худо ҳақида кўпроқ ўйлар эканман, ўзимни жуда жирканч ҳис қилардим. Ўз-ўзимни ёмон кўриб кетардим. Худонинг каломида нима ёзилган бўлса, мен ўшаларнинг аксини қилганман. Гуноҳларимни санаб тугатолмасдим. Ишга боришга оёғим тортмай қолди. Аввал мени қизиқтирган нарсалар бутунлай аҳамиятини йўқотди. Машина, қизлар, бар, ичимликлар ҳамма-ҳаммаси бекор эди.
Узоқ ўйлаб, Худонинг олдига келишга қарор қилдим. Ўша йигитни топдим. Унга Исони Нажоткорим деб қабул қилмоқчи эканимни айтдим. У: «Қароринг қатъийми?» деб сўради. Ўша куни қайтадан туғилдим. Шундан кейин бир ҳафта барни очмадим. Кейин эса ёмон йўл билан топган ҳамма нарсани, барни, уйни, ва машинани ҳам сотиб юбордим. Энди уларга қарай олмасдим. Исо Масиҳни ҳаётимга қабул қилар эканман, гуноҳларимнинг нақадар оғир бўлганини, ўз қўлларим билан бир қанча ёшларнинг ҳаётини заҳарлаганимни англаб етдим. Худо мени кечирди. Аммо ҳали ҳам ўзимни кечира олмасдим. Қилган гуноҳларим учун ўзимни кечиришим қийин бўлди. Бироқ, вақт ўтиб, Худонинг кечирими, марҳаматини билдим. Менда ҳозир аввалгидай катта бойлик йўқ, аммо Худонинг марҳамати ва баракаси ҳар доим мен билан бирга. Энди кўнглим ҳотиржам.