3:18

Худонинг баракаси

MP3

Ассалому алайкум. Бугун сизлар билан бўлишадиган гувоҳлигимиз аввалгиларидан бироз бошқачароқ, аниқроғи бу бир имонли қизнинг ҳаётида бўлган воқеа. Бу гувоҳликни адашмасам бундан 5 йил олдин эшитгандим. Хуллас, бу бўлган воқеа ва Худонинг ҳаётимизда қандай ишлаши ҳақидадир.

Ўшанда у қиз институтни битирган ва ишлаб юрган кезлари эди. Биз тез-тез учрашиб турардик. Тез орада яқин дўст бўлиб қолдик. Бир кун аҳволим танг эканлигини айтдим. Уйда ейишга ҳеч вақо йўқлигини, охирги пулимга ишга келганимни билгач, шунга ўхшаш бошидан ўтган воқеани айтиб берди.

Ўшанда мен учинчи курсда ўқирдим. Иккита акам бўлиб улар ҳам бири 4 бошқаси 5 курсда ўқишарди. Тасодифан дадамни ишдан бўшатишди.

Ишхонасидаги кадрлар сонини қисқартириш керак бўлгани учун энг аввало ёши катта ишчилардан бошлашибди. Ўшанда дадам 50 ёшлар атрофида эди. Онам уй бекаси, отам ишдан бўшаган, оиламиз чиндан ҳам танг аҳволда қолди. Мен тинмай ўқишларим, кундалик ҳаражатларим, оиламизнинг ризқи учун ибодат қилардим. Ота-онам билдиришмаса-да, жуда сиқиларди. Шундай бўлдики, мен ҳам акаларим ҳам ўқишларимизга пиёда боришимизга тўғри келди. Бунинг учун 1,5, 2 соат олдин чиқиб кетишимизга тўғри келарди. Қайтишда ҳам шундай қилдик. Дарслардан ёмон ўқимасам-да, ҳозиргидан ҳам яхшироқ натижаларга эришиш учун қаттиқ ҳаракат қилардим. Бир куни чиндан ҳам қийналиб кетдим. Жуда эрта туриб акаларимдан биринчи йўлга тушдим. Эндигина тонг отаётган эди. Йўл-йўлакай, Худога ибодат қилдим. Оиламизга, менга, акаларимга ёрдам беришини сўраб, аччиқ-аччиқ йиғладим.

Худо қандай ёрдам беришини ҳаёлимга ҳам сиғдира олмасдим. Тасодифни қарангки, ўша куни тилдан дарс берадиган домламиз мени дарсдан кейин қолишимни сўради. Мен қолдим. У мендан ёрдам беришимни сўради. Мавзуларни яхши ўзлаштира олмайдиган ўқувчилар дарсдан кейин домланинг олдига келиб, қўшимча дарс олишарди. Охирги пайтларда домланинг ишлари кўпайиб, бу ўқувчиларга вақт ажрата олмай қолибди. Шунинг учун уларни мен ўқитишимни ва бунинг учун ойлик ҳам беришини айтди. Мен нима дейишимни билмай қолдим. Аммо ўқитувчим менинг жавобимни ҳам эшитмай, эртадан иш бошлашимни айтди. Ўша куни жуда хурсанд бўлдим. Аммо уйдагиларга иш беришгани ҳақида айтмадим. Дарсдан кейин қолиб, институтда бироз домлага ёрдам бераман, дедим. Улар рози бўлишди.

Чунки ҳали эплай олиш олмаслигимни билмасдим. Бир ҳафта дарс бердим. Ҳафта охирида домлам қўлимга ҳафталик иш ҳақимни берди. Талаба учун шу маъқул эканлигини, бундан кейин яхши ҳаракат қилсам, кўпроқ талаба топиб беришини ва иш ҳақимни ҳар ҳафта охирида олишимни айтди. Мен энди ҳам ўқиб, ҳам ишлашим мумкин эди. Аста-секин оиламизнинг ишлари юришиб кетди. Отамнинг техникадан хабари бор бўлгани учун, машина тузатиб пул топадиган, онам эса пишириқ пишириб сотадиган бўлди. Шундан кейин оиламизнинг аҳволи анча яхшиланди. Бу бир имонли қизнинг ҳаётидаги Худонинг баракаси эди. Худо ҳар бир имонлининг ҳаётида турлича ишлайди. Агар сизнинг ҳам ҳаётингизда шундай ажойиб воқеалар бўлган бўлса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга кириб уларни биз билан бўлишинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top