MP3

Муқаддас Калом Худони доно деганида нимани назарда тутади? Муқаддас Каломда доноликни онгга тегишли сифат деб таърифлайди. Донолик, ақллилик ёки зийракликдан ҳам юқорироқ бир сифат. Инсон донолиги билан Худонинг донолиги ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Довуднинг маслаҳатгўйи доно Аҳитўфел, Абсалом билан тил бириктириб, Довудни йўқ қилиш режасини тузишган эди. Бу ишда Ахитўфел Абсаломга маслаҳат берган. Бироқ уларнинг режалари амалга ошмади. Чунки Худонинг донолиги ҳеч қачон енгилган эмас. Ахитўфелнинг донолиги Худонинг донишмандлигига тенглаша олмас эди. Аюб китобида: «Қудрат ва донолик Худовандга тегишли», деб ёзилган. Бу мазмундаги оятларни Муқаддас Каломда кўплаб учратиш мумкин. Қудратсиз донолик аянчли кўринади.

Бироқ Худонинг чексиз донолиги унинг қудрати билан уйғунлашган, У ҳамма нарсани мукаммал қилиб яратган. Худонинг фаол донолиги ҳеч қачон омадсизликка учрамайди. Унинг қудрати ва чексиз донолигини Унинг яратган ижодидан ҳам кўришимиз мумкин. Кўпчилик масиҳийлар Худонинг муҳаббати ҳақида гапиришганида баъзи нотўғри тушунчаларга боришади. Худо севгучи экан, У бизга оғирлик ва қийинчилик бермайди, чунки бизни севади, деб ўйлашади. Бу хато тушунча. Худонинг донолиги ҳақида ҳам нотўғри фикрларга бормаслик керак. Худо ҳеч қачон ташвишсиз ҳаёт ато қиламан, деб ваъда қилмаган. У ҳар бир масиҳийнинг юрагида донолик билан ишлайди. Хоҳ қийинчиликлар билан хоҳ хурсандчиликлар билан бўлсин, севгани учун уни тарбиялайди.

У ҳар бир имонлини қандай тарбия қилишни бир-бирига ўхшамаган ҳолда донолик билан режалаштиради. Кейинчи? Бундай ишлашидан мақсади нима? Мақсади, биз орқали Ўзига шухрат ва улуғворлик келтириш. Ўзи яратган бу оламни Худони улуғлайдиганлар тўлдириш. Инсонлар бир-бирига бўлган муҳаббатларидан беҳад завқланишади. Бироқ Худо инсонлар юрагига ўз муҳаббатидан қўйса, Худо ва инсоният ўзаро мухаббатли муносабатда бўлишса, бу қанчалик завқли бўлади?! Худо ҳар бир одамда уларнинг имони ва умиди орқали ишлайди. Имонлари орқали уларни гуноҳлардан озод қилади, умидлари орқали олға юришга ундайди. Жамоатимизнинг боши Масиҳ ҳам айнан шу мақсад билан бу дунёга келиб, бизни имонга ва умидга эга қилди.

Биз Худога ва фақат Худога қулоқ солганимиздагина, яхши ва ҳайрли ишлар қила оламиз. Ўз билганимизча, ўз донолигимизга кўра иш тутсак, натижаси вой бўлиши муқаррар. Худди шу аснода Иброҳим пайғамбарни эслаб ўтсак. Иброхим Худога қулоқ солиб юрди, аммо бир жойда Сорайнинг маслаҳатига кириб, Худонинг режасидан четлашди. Бу хатоси туфайли Хожардан Исмоил қавми, араблар келиб чиқди. Иброҳим ҳам биз каби оддий одам эди. Бироқ Худога бўлган имони, унга итоаткорлиги туфайли, Худованд Иброхимни Ўзининг дўсти деб атади. Уни тақдирлади. Худо Иброхимга шундай дейди: «Қўрқма, Иброхим, Мен сенга қалқонман. Сенинг мукофотинг буюк бўлгай.» Қанийди бизга ҳам шундай деса! Бундан шундай хулоса чиқарамиз; бизнинг донолигимиз ҳеч нарса эмас. Бироқ агар Худога итоат қилсак, Унинг донолиги ҳаётимизни бошқаради. Унга бўлган имонимиз ва донолиги билан хайрли ишлар қила оламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top