MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Азиз радио тингловчи, Раббимиз Исо Масиҳ яшаган даврда ҳам бир давоси йўқ касаллик бутун инсоният ҳаётига ҳавф солиб турган.

Ушбу касалликни халқ тилида мохов деб аташар эди. Бундай касалликка чалинган одамларнинг танасида қичишадиган оқ доғлар пайдо бўлган. Орадан вақт ўтиши билан ушбу касалликка чалинган одамлар қўллари ёки оёқларидан жудо бўлишар эди. Келинг, яхшиси ушбу касаллик, Раббимиз ер юзида яшаган даврда нима маънони билдиргани ҳақида гаплашсак.

Эсингизда бўлса, бир киши ўз оиласига кайфияти тушган ҳолда келади. Албатта, эрини бундай аҳволда кўрган аёли ҳайрон бўлади. Шунда эри бор гапни ўз аёлига айтади. Лекин бу касалликни аниқлаш учун яна бир нарса қилишлари керак эди. Яъни руҳоний касалликни кўрганидан сўнг, нима эканлигини аниқ айтишга ҳаракат қилган.

Агар руҳоний ушбу касалликни аниқ айтолмаса, касалликка чалинган киши етти кун давомида одамлардан алоҳида ажратиб қўйилган ва яна қайтадан текшириб кўрилган. Биз юқорида тилга олган киши ўзини руҳонийга кўрсатишга қарор қилади. Руҳоний уни мохов билан касалланганлигини айтганида, бу киши қанчалик азоб чекканлигини кўз олдимизга келтириш анча мушкул. Лекин у кишининг юрагида кичкинагина умид пайдо бўлди.

У Раббимиз Исо Масиҳ ажойиб мўъжизалар кўрсатгани ва кўплаб одамларга шифо берганлиги ҳақида эшитиб қолди. Мен Уни албатта кўришим керак, деб ўйлади у. Албатта, унга шаҳарга кириш тақиқлаб қўйилган эди. Лекин У Раббимизни шунчалик кўришни хоҳлардики. Фақатгина Раббимиз унга шифо беришига унда ҳеч қандай шубҳа қолмаган эди.

У шаҳарга келганида, барча одамлар ундан қочиб, узоқлашиб кетишга ҳаракат қилишди. Лекин бир киши ундан қочмади. Аксинча, унинг олдига боришга ҳаракат қилди. Бу Раббимиз Исо Масиҳ эди. Мохов киши Раббимизнинг оёқлари остига ўзини ташлаб: “Раббим, истасанг, менга шифо бера оласан”, — деб Унга ялиниб ёлворди. Албатта, Раббимиз унинг ишончини кўриб унга шифо берди. Азиз радио тингловчи, бу билан нима демоқчиман? Мохов касалига чалинган кишида аввалига яшаш учун, ўз оиласи бағрида бўлиш учун ҳеч қандай умид қолмаган эди. У ҳамма нарсадан умидини узган эди.

Лекин Худованд унга умид берди ва уни барча қийинчиликлардан олиб чиқди. Азиз дўстим, ўзингиздаги барча муаммоларни Худовандга беринг. Фақатгина У ҳар биримизни энг оғир муаммолардан холос қила олади. Фақатгина У ҳар биримиздаги мушкулларимизни енгил қила олади. Азизлар, ўзингиздаги муаммолар ҳақида бизнинг электрон манзилимизга ёзиб юборинг. Албатта сиз учун минглаб одамлар ибодат қилади. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top