Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, маълумингизки, ёвуз руҳлар доимо Масиҳга ишонувчи кишига ҳужум қилиб туради. Агар ёвуз руҳ кутулмаганда ҳужум қилиб қолса, нима қилишимиз керак?
Кимдир айтиши мумкин: “Албатта, қараб турмай, енг шимариб у билан олишиш лозим” — деб. Ёвуз кучлар ҳам унча-мунча дуқ-пўписаларга қўрқадиган руҳлардан эмас. Шунинг учун ўз кучимиз билан уни енгиш анча мушкул бўлади. Тўғри, Раб Исо биз билан бирга. Шундай бўлсада, Уни баъзи пайтларда ёрдамга чақиришни эсимиздан чиқарамиз.
Муқаддас Китоб шу ҳақида нима деб айтади? Албатта ёвуз кучларга қарши кураш олиб бориш учун керакли қуролллар билан қуролланганимиз маъқул. Масалан: Эфесликларга мактубининг 6 боби 14 оятида шундай ёзилган: “Белингизни ҳақиқат камари билан боғланг, кўксингизга солиҳлик совутини тақинглар”.
Бу ҳимоя бизни ҳаётимизни сақлаб қолиши учун ва биз ҳар қандай жангда тирик қолишимиз учун берилади. Ҳар қандай жангда тайёргарликсиз кирган ва ҳимояланмаган ёки яхши тўлиқ ҳимояланмаган аскар ҳалок бўлиши муқаррар. Шунинг учун ҳам римликлар жангга киришдан олдин ўзларининг ҳимояларига катта аҳамият қаратишган.
Балки шу сабабли улар кўпинча жангларда ғолиб бўлишган ва камроқ аскарларни йўқотишган бўлса керак. Римлик аскарларнинг энг яхши кўрган ва кенг тарқалган ҳимоя қуроли — бу қалин темирдан ишланган кўксини ҳар қандай душманнинг ўқидан сақловчи қалқон бўлган. Баъзи пайтларда шунга ўхшаш темир билан бутун танасини тўсиб олишган.
Мана шу қалқон аскарнинг юрагини ва ички органларини душманнинг найзасидан ҳимоялаган. Шу каби Худованд биз, масиҳийларга, солиҳлик камарини берган, шу солиҳлик орқали биз ўзимизнинг фикрларимизни ва юрагимизни турли гуноҳдан ҳимоя қила оламиз. Чунки ёвуз руҳлар биринчи навбатда инсонинг фикрини заҳарлаб, ундан кейин юрагини турли гуноҳ ва истаклар билан тўлдиради.
Шундан кейин юракдаги хоҳиш-истаклар ташқарига чиқади. Бу дегани, ёвуз кучлар билан жанг олиб боролмаяпмиз деганидир. Азиз радио тингловчи биродар, биз ўзимизни ҳимоя қилиш учун доимо Худованднинг ёрдамига муҳтожмиз. Агар доимо ибодатда бўлсак, Худонинг каломи доимо юрагимизда бўлса, шайтоннинг ҳар қандай ҳужумини Худонинг сўзлари билан енгишга ўрганамиз.
Жангда ғолиб келиш учун масиҳий киши ўзини тўлиқ Худога ишониб топширган бўлиши керак. Бу жуда муҳим. Ўзини Худованднинг қўлларига топширган киши учун ҳар қандай жангда иштирок этиш ҳам ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Азиз биродарлар, ўзингиздаги саволлар билан бизнинг интернет сайтимизга кириб, бемалол жавоб олишингиз мумкин. Манзилимиз: www.najot.com Хайр.