3:20

Руҳий ғалаба 236

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомизнинг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдорман. Эшиттиришларимиз сизларга манзур бўлаётганидан жуда хурсандмиз, азиз радио тингловчилар. Азиз радио тингловчи мухлислар, биз Масиҳ билан бирга янги ҳаётни бошлаган эканмиз. Атрофимизда кечаётган руҳий жангга бефарқ қараб туролмаймиз. Албатта, ҳозирги кунда атрофимизда руҳий жанг энг қизиган палласига етган, деб айтишимиз мумкин. Сабаби, Раббимиз Исо Масиҳнинг ер юзига қайта келиш вақти тобора яқинлашиб келмоқда. Азизлар, наҳотки биз масиҳий биродарлар ўзимизни четга олиб қочишимиз керак. Ҳамма эмас, лекин бундай кечаётган руҳий жангга бефарқ биродарлар ҳам бор. Мен уларни шундай деб аташим мумкин.

Шайтон шунга ўхшаш биродарларни бутунлай дунёвий нафс-балосига жалб қила олган. Уларнинг қарашича, ҳар бирининг руҳий ҳаётида ҳеч қандай камчилик йўқдай. Ҳатто ҳаётларида ҳеч қандай салбий ҳолатлар ҳам юз бермаслиги мумкин. Аслида шайтон улардан юз фоиз миннатдор. Чунки улар ҳеч кимга қарши кураш олиб бормаяптилар. Демак, шайтонга тўсқинлик қилувчиларнинг сони камроқ. Шайтон кенгроқ жойда бемалол айланиб, ўзининг ёвуз мақсадини амалга ошираверади. Ҳурматли радиомиз мухлислари, ҳар бир масиҳий биродар ўзига шундай саволни бериб туриши лозим. “Мен атрофимизда бўлаётган руҳий жангда иштирок этяпманми?” деган савол.

Ўйлайманки, бундай савол ҳар бир биродарни шайтонга қарши жангда иштирок этишга ундайди. Аслида “руҳий жанг нима ўзи?” деган саволга жавоб бериб ўтсак. Албатта, бу қўлига қурол олиб, кимгадир қарши жанг қилиш эмас. Масиҳийнинг ҳаётида кўзига кўринмайдиган жанглар содир бўлиб туради. Шулардан бири бу дунёвий нафс балосидир. Шайтон кимнидир тўғри кетаётган йўлидан салгина буриб қўйса бас. Қолганини инсоннинг ўзи қилаверади. Азизлар, дунёда масиҳий биродарларни ўзига тортадиган кўплаб васвасалар бор. Шу васвасаларга қарши тура олишимизнинг ўзи ҳам жангда иштирок этаётганимизга бир мисол бўла олиши мумкин. Шундай экан азиз биродарлар, келинг, Худованд бизга берган имонда мустаҳкам турайлик.

Қўлимиздан келгунча шайтонга қарши бўлаётган жангда иштирок этайлик. Албатта жанг қурбонсиз бўлмайди деганларидек, ён аторфимиздаги яраланган биродарларимизга ёрдам қўлимизни чўзиб, уларни ҳам ёвўз шайтоннинг чангалидан озод бўлиши учун жангга отланайлик. Худованд эса доимо биз масиҳийларни қўллаб-қувватлаб туради. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, доимо Калом ўқиб ибодатда бўлиш, имонимизни янада мустаҳкам бўлишининг гаровидир. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз азизлар билан хайрлашар эканман, барчангизга руҳий жангда ғолиб бўлишингизни тилаб қоламан. Шу билан бирга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сиз азизларга эслатиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top