3:14

Худонинг сўзи 18

MP3

Ассалому алайкум “Дилкаш” радиомизнинг азиз мухлислари. Радио тўлқинларида сиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Азиз биродар, бизга яхши маълумки, қачон биз Исо Масиҳни юрагимизга қабул қилганимизда, Муқаддас Руҳ шу ондаёқ ичимизга киради.

Унинг қиладиган энг муҳим ишларидан бири, биз энди Худонинг фарзанди бўлганимизга бизни астойдил ишонтиришдир. Муқаддас каломнинг Римликларга мактубининг 8 боби 16 оятида шундай ёзилади: “Худо Руҳи Ўзи бизнинг руҳимизга қушилиб, Худо фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бериб туради”.

У биз ишонган нарсага ҳақиқатдан ишониш мумкинлигини тушунишимизга ёрдам беради. Энди биз Худо оиласининг бир қисми эканлигимизни англаш натижасида келадиган ички тинчликни беради ва ҳеч қачон бизга Унинг лаънати тегмайди. Бу ҳақида Каломнинг Филиппияликларга мактубининг 4 боби 7 оятида ва Римликларга мактубининг 8 боби 1 оятидан ўқиб кўришингиз мумкин.

Бизнинг ҳаётимизда амал қилаётган Муқаддас Руҳнинг фаолияти Худо каломидаги ваъдаларни исботлайди. Қачонки инсон гуноҳдан воз кечиб, Исо Масиҳни ўз юрагига қабул қилганида, у шу заҳотиёқ нажотга эга бўлади. Кейин орадан вақт ўтиши билан бу одамнинг ҳаёти ҳақиқатдан ҳам Худо билан ҳаёт кечираётганлиги ҳақида гувоҳлик бера бошлайди.

Масиҳий бўлиш — инсон ҳаёти энди тоза қоғоздан бошланди дегани эмас. Бу фақатгина янги ҳаёт бошланганидан дарак беради холос. Бу ҳақида 2 Коринфияликларга мактубининг 5 боби 17 оятидан ўқиб оласиз. Бизнинг аввалги гуноҳкорона ҳаётимиз ортта қолиб, энди Худо учун маъқул бўлган янги ҳаётда яшашимиз лозим.

Масиҳий киши ўз сўзлари, фикрлари ва қилмишлари билан, энг муҳими, бошқаларга бўлган муносабати орқали борган сари Масиҳга ўхшаб бориши лозим. Албатта, биз бунга ўз кучимиз билан эриша олмаймиз. Бунга Масиҳ билан яшаётган ҳар бир киши Муқаддас Руҳнинг кучи билан эга бўламиз. Азиз радио тингловчи, мана шулар ҳақиқатдан Раббимизга эргашаётган инсонларнинг ҳаётларида содир бўлиши лозим бўлган воқеалардир.

Азиз биродар, агар Масиҳий бўлсангиз, ўз-ўзингизга савол билан мурожаат қилинг: мана шулар менинг ҳаётимда борми? Ушбу савол ҳар биримизни янада Масиҳга яқинроқ бўлишимизда катта рол ўйнайди. Азиз биродар, Худованд доимо масиҳийнинг ҳаётида биринчи ўринда бўлиши лозим. Бу дегани, ҳатто бошқа инсонлар сизнинг масиҳий бўлганингизни қўллаб-қувватламаганида ҳам, Худонинг барча амрларига бўйсуниш керак деганидир.

Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга, яна бир бор интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчиман. Бизнинг манзил: www.najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top