3:41

Худонинг сўзи 232

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз, сиз азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, охирги пайитда шайтон Раббимизнинг қайта келиши олдидан ўзининг бор кучини солиб инсонлар орасида адоват, жанжал, келишмовчиликларни тобора кучайтириб бормоқда. Ҳатто тез-тез имонли биродарларнинг орасида ҳам ўзаро келишмовчиликлар ҳақида эшитиб қоламиз. Худованд эса биродарларни ўзаро аҳиллик ила яшашга чақиради. Азиз биродарлар, агар имонлилар орасида келишмовчиликлар, ёлғон гапириш, ҳурматсизлик давом этар экан, бу билан биз аниқ Худо учун хизмат қилмаётганимизни билишимиз мумкин. Худованд барча инсонларни севди ва кечирди.

Худонинг кечирими икки минг йил аввал юз берган. Аммо ҳозирги кунда ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳодиса билан боғлиқдир. Аслида инсон учун нималарни кечириш қийинроқ? Масалан, сиёсий мақсадлар йўлидаги сурбетларча адолатсизлик. Одамлар орасида обрў-эътиборли бўлганлиги учун кишига ҳасад қилиб, уни йўқ қилиш. Пул учун қилинган ҳиёнат. Яқинларингизнинг оғир дамларда ҳиёнат қилиб, сиздан юз ўгириши. Эрмак учун кишини ҳақоратлаш. Айбсиз киши устидан бешафқат ҳукм чиқариш. Азоб чекаётган киши устидан кулиш. Ҳазрати Раббимиз Исо Масиҳ ер юзида яшаб ўтган ягона гуноҳсиз инсон бўлган.

У ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзига ноҳақлик қилганларни севишда, ҳиёнат қилганларга эса дўстлик қўлини чўзишда давом этди. Жоҳил Бараббанинг ўрнига Уни ноҳақ ўлимга маҳкум қилишга рози бўлган ҳоким олдида сукут сақлади. Хочга қўл-оёқларини михлаётган аскарлар учун Яратгандан шафоат сўраб: “Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар”, — деб уларни дуо қилди.

Одамзотнинг аср бошидан бери қилиб келган гуноҳларини Ўз бўйнига олиши, Ҳазрати Исонинг Ер юзидаги ҳаётига якун ясади. У хочда Худо томонидан ташлаб қўйилиш нима эканлигини билди. “Тангрим, Тангрим, нега Мени ташлаб қўйдинг”, — дея хитоб қилди У. Худо эса бутун борлиқ устидан чексиз ҳукмронликка эга эканлигини кўрсатган ҳолда бу илтижога жавоб берди. У Ўз Ўғлини тирилтириб, ҳаётга қайтарди. Ҳазрати Исо шогирдлари билан қайта учрашди ва кечирим ҳамда Худонинг севгисидаги янги ҳаёт ҳақидаги Хушхабарни дунёга етказишни амр қилди. Худонинг бизга таклиф қилаётган кечирими шунчаки оддий ва осон нарса эмас. Масиҳнинг хочга михланиш воқеаси эса бошқа нарса ҳақида гувоҳлик беради.

“Зеро Худо оламини шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин”. Худо сени Унга мурожаат қилиб: “Қилган гуноҳларим учун тавба қиламан. Ҳазрати Исо мен учун ўлганлигига ишонаман. Илтимос, мени кечир”, — дейишга чақиради. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top