Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Марҳамат, тингланг, эшиттиришимизни бошлаймиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, биз Муқаддас Каломни яхши билишимиз мумкин.
Лекин Муқаддас Каломнинг ўзи ҳақида ҳамма ҳам етарли маълумотларга эга бўлмаса керак. Бугун барчамиз учун ҳақиқатан ҳам муқаддас бўлган Худонинг Каломи ҳақида гап боради. Муқаддас Калом нима ўзи? Бу ўз ичига 66 та китобни киритадиган ва 1600 йил давомида яҳудий, грек ва арамей тилларида ёзилган катта бир китобдир.
Унинг ёзувчилари асосан пайғамбарлар бўлишган. Масалан: Мусо, Ишаё, шоҳ Довуд, Сулаймон, Матто, врач Луқо ва яна бошқалар. Умуман олганда, қирққа яқин кишилар Худованднинг Каломини ёзилишида эштирок этишган.
Шунинг учун ҳам Калом бизгача етиб келди ва биздан олдинги авлодлар ҳам ва биздан кейинги авлод ҳам ушбу каломни ўқиб, нажот йўлини топишади. Худованд Ўз Каломини ҳар бир инсон ўқишини жуда истайди. Азиз биродарлар, Худованд Ўз Каломини шундай ҳимоя қилади-ки, ҳеч ким ундан ҳеч нарсани олиб ташлолмайди ёки яна нимадир қўшиб қўйолмайди.
Худованд Эски Аҳд китобларининг бирида шундай деб айтган эди. Ушбу оят Қонунлар китобининг 4 боби 2 оятида шундай ёзилган: “Мен сизларга айтаётган амрларга ҳеч нарса қўшманглар ҳам, олиб ҳам ташламанглар. Мен сизларга айтаётган Худойингиз, Эгамизнинг амрларига риоя қилингизлар”.
Марк китобининг 7 боби 1 оятдан 13 оятгача бўлган жойни ўқиб кўрсангиз, Раббимиз Исо фарзийларни каломга ўзларининг қонун ва амрларини ҳамда турли таълимотларини қўшганликда айиблайди. Азиз биродарлар, Муқаддас Калом бу -тўлиқ Худованднинг каломидир, қайсики ҳеч қандай адашмасдан, бизга тўғри йўл кўрсатадиган.
Ҳозирги кунда кўпчилик бошқа дин вакиллари Муқаддас Каломни ўзгартирилган деб айтишади. Ваҳоланки, уларнинг ўзи Калом ҳақида ҳали тўлиқ тушунчага эга эмаслар. Шундайларга қарата: “Эй азиз дўстим, Худованд ҳозиргача Ўз Каломини ҳимоя қилишга қодир. Уни инсонлардан ҳеч ким ўзгартиролмайди”, — деб айта оламиз.
Азиз биродарлар, Муқаддас Калом бизга бошқалар билан баҳслашиш учун ёки кимларгадир ниманидир исботлаш учун ёки турли хил текширув ва тажрибалар олиб бориш учун берилмаган. Калом ўқиш ва ўрганиш ва Худонинг Кимлигини билишимиз учун берилган. Азиз дўстим, Каломни ўқиб ўрганишда асло чарчаманг. Калом — барча масиҳийларнинг ҳаёт нонидир. Омин.
Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг электрон манзилимизни сизларга айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, мактубингизни кутамиз. Хайр, саломат бўлинг.