Ассалому алайкум азиз биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, радио тўлқинлари орқали бўлса-да сизлар билан яна дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдормиз.
Азизлар, ўтган эшиттиришларимиз давомида Муқаддас Китобни нима учун ўрганишимиз керак деган саволга жавоб бериб ўтган эдик. Бугунги эшиттиришимиз орқали эса Муқаддас каломни қандай қилиб ўрганамиз деган саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Азизлар, шуни яхши билиб олишимиз керакки, Муқаддас каломни ўрганиш инсонларнинг ақлига боғлиқ эмас. Муқаддас каломда зеҳни унчалик ўткир бўлмаганлар учун ҳам ва илоҳиётчилар учун ҳам битмас-туганмас ҳақиқатлар мавжуд.
1Коринфияликларга мактубининг 1 боби 25 оятдан 27 оятгача бўлган жойларида шу ҳақида ажойиб сўзлар ёзилган: “Зеро Худонинг “ақлсизлиги” инсон донолигидан устундир, Худонинг “заифлиги” инсон қудратидан кучлироқдир. Олган даъватингизга қаранглар, эй биродарлар!
Сиз кимсизлар? Инсоний нуқтаи назардан доно бўлганлигингиз кўп эмас, қудратли бўлганингиз кўп эмас, олижаноб бўлганингиз ҳам кўп эмас. Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади.
Қудратлиларни шарманда қилиш учун У дунёдаги заиф дейилганларни танлади”. Азизлар, шундай экан, Муқаддас каломни ўрганишимизда Муқаддас Руҳнинг Ўзи ёрдам беради. Муқаддас Руҳнинг вазифаси масиҳийларга каломни тушунишда муҳим ёрдам беришдан иборатдир.
Азизлар, агар биз Худога бўйсунишни истамасак, У қандай қилиб бизга ёрдам беради? Шунинг учун доимо Унга итоат қилишга тайёр бўлишимиз керак. Биз, албатта, каломни ўқиганимизда унда ёзилган янги сўзларнинг маъносини ўрганишга ҳаракат қилишимиз керак.
Ҳар бир соҳада ўзига тегишли бўлган терминлар мавжуд. Каломда ҳам ўзига яраша шунга ўхшаш терминлар бор-ки, албатта ўрганишимиз зарур бўлган. Каломни яхши ўрганишимиз учун ёрдамчи китоблардан фойдаланишимиз мумкин. Масалан, ҳар куни Муқаддас каломни ўрганиш учун берилган ёрдамчи китоблар, бундан ташқари, изоҳлар, симфония ва бошқалар.
Азиз биродарлар, каломни ўрганишимизда энг муҳими, Худованддан донолик сўрашдир. Бундан ташқари, каломни ўқиб ўрганиш вақтида фикрингизни чалғитмасдан, диққат билан ўқиш ҳам катта ёрдам беради. Азиз биродарлар, сиз каломни қандай қилиб ўрганасиз? Балки ўз тажрибангиз ҳақида бошқаларга бизнинг интернет сайтимиз орқали маслаҳат берарсиз. Бизнинг манзил: www.najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр, омон бўлинглар.