3:06

Болаларнинг ўсишига ёрдам 166

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомизнинг азиз тингловчилари. Сизлар билан яна радиомиз тўлқинлари орқали ғойибона бўлса-да учрашаганимиздан ғоят хурсандмиз. Азизлар, ўтган эшиттиришларимизда айтиб ўтганимиздек, болалар хизматида улар билан яхши муносабат ўрната билиш кўпгина муаммоларни ҳал қилиши мумкин.

Уларнинг ҳаётларида учраб туриши мумкин бўлган шахсий муаммоларига ҳам, турли хил саволларига ҳам эътибор бериш орқали болалар билан янада мустаҳкамроқ ва яқинроқ алоқа ўрнатишингиз мумкин.

Болалар сиз орқали ўзларида Раббимиз Исо Масиҳнинг севгисини сезишлари жуда муҳим. Тўғри, ҳамма бола ҳам биз катталарда бўлганидек ҳар хил. Улар учун доимо ибодатда бўлишингиз керак. Айниқса доимо дарсда халақит қиладиган бола учун ибодат қилиш жуда мухим.

Орадан вақт ўтиши билан ўша сиз ибодат қилган бола катта бир ибодатхонанинг ажойиб хизматчисига айланса ажаб эмас. Ўйлайманки, боланинг шундай бўлиб етишиши учун сизнинг хизматингиз катта бўлган.

Кўпчилик буюк воизхонлар ёки миссионерларни болалик пайтлари билан қизиқиб кўрсангиз, албатта, улар ҳам барча болалардек тўполончи бўлганлигини кўришингиз мумкин. Энг муҳими, уларнинг руҳий ахволи ва уларнинг юракларида Раббимизнинг Kаломини ўстира билишдир.

Ҳар қандай шароит юз бермасин, болани жазолашга шошилманг. Аввал шароитни яхшилаб ўрганиб чиқиш лозим. Болага жазо бериш, кўпинча, ўқитувчи билан уларнинг орасига совуқ муносабат солиши мумкин. Жазодан кўра бола билан яхши суҳбат қилиш — кўпроқ фойда келтиришига мен ишонаман.

Тўғри, жазо ҳам керак. Агар ўз ўрнида ва жазога арзийдиган шароит бўлса, албатта жазолаш керак. Болаларга Худованд уларни қанчалик севишини ва уларнинг ҳар бири ҳақида Худованд қайғураётганини, шу билан бирга айнан сиз орқали болаларга Худованд Ўзи ҳақида гапираётганини айтиб беринг.

Болаларга бир-бирини ҳурмат қилишни ва ўзларининг намунали тарбияси орқали мактабдаги ўқитувчиларга ҳурмат-иззатда бўлишларини ўргатинг. Нафақат болалар, балки катталар ҳам кўча-куйда бир-бирларига ҳурмат-иззатда бўлсалар, оддий қилиб айтадиган бўлсак, дунёдаги тартиб ва қоидаларга бўйсуниб яшасак,

Худовандга нисбатан ҳам ҳурмат-иззат ва Унинг ҳам амрларига бўйсунадиган ажойиб масиҳий бўламиз.

Азиз радио тингловчилар, келинг, Худованд учун яшайлик ва Унинг ердаги нури бўлишга барчамиз ҳаракат қилайлик. Шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Ҳурматли радио тингловчи, бизнинг интернет сайтимиздан фойдаланиб, ўзингиз учун кўплаб керакли маълумотларни олишингиз мумкин. Бизнинг манзилимиз: www.najot.com Ҳайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top