3:14

Уй гуруҳлари 17

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман.

Азизлар, уй гуруҳи жамоатлари пайдо бўлганидан сўнг қандай ишларни амалга ошириши керак? Муқаддас Руҳ Раббимизнинг шогирдларини устига тушганидан сўнг, имонлиларнинг илк жамоатлари аста-секин пайдо бўла бошлади.

Улар Муқаддас Руҳни қабул қилганларидан кейин қуйидаги айрим ишларни амалга ошира бошладилар. Бу ҳақида биз Ҳаворийлар китобининг иккинчи боби 38 оятдан 47 оятгача бўлган жойлардан ўқиб кўришимиз мумкин.

Масалан, 38 оятдан биз Раббимизнинг шогирдлари астойдил Хушхабар айтганлигини кўришимиз мумкин. 41 оятда эса одамларни сувда чўмдириб, имонга киритганлиги маълум. 42 оятда эса Худованднинг Каломидан таълим бериш, ҳамдўстлик, нон синдириш маросими ва биргаликда ибодат қилганликлари ҳақида ёзади.

Бундан ташқари, Муқаддас Руҳнинг кучи ила муҳтож бўлган одамларга ёрдам кўрсатиш, шу билан бирга 44 ва 45 оятларда эса муҳтож бўлган инсонларга молиявий ёрдам кўрсатганликлари ҳақида ёзиб қўйилган.

46 оятга кўз югиртирсак, Раббимизнинг шогирдлари ҳар куни уйларда биргаликда йиғилиб, бирга овқатланганлигини кўришимиз мумкин. Охирги 47 оятда эса улар барчаси биргаликда Худовандни улуғлашар ва биргаликда ибодат қилишар эдилар, деб ёзилган.

Азиз биродарлар, улар ҳам худди бизнинг уй гуруҳларимизга ўхшаш жамоатлар эди. Ҳар бир уй гуруҳидаги биродарларимиз ҳам Раббимизнинг севикли шогирдларидан ҳисобланади. Худди шу шогирдликни қалбимизда ҳис қилган ҳолда биз ҳам айнан юқорида келтириб ўтган усулларни қўллашимиз мумкин.

Албатта ўша илк жамоатларнинг амалга оширган ишлари бугунги кундаги уй жамоатларига ҳам шартсиз тегишлидир. Орадан кўплаб асрлар, йиллар ўтган бўлса-да, Худованд ҳеч қачон Ўз режасини ўзгартирмайди.

Худованднинг энг катта хоҳишларидан бири, бизнинг уй жамоатларимиз ва гуруҳ аъзоларининг ҳар бири ана шундай буюк ишларда қатнашаётганимизни кўришдир. Ҳар бир уй гуруҳлари ўз олдиларига аниқ мақсадларни қўйишлари лозим. Масалан, шундай гуруҳлардан айримлари Хушхабарчи гуруҳлар бўлса, бошқаси миссионер гуруҳлар бўлиши мумкин, бундан ташқари ҳам кўплаб мақсадлар бор.

Фақатгина биз шу мақсадларни амалга оширишимиз кераклигини Худованд кутмоқда. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини сизлага маълум қилмоқчиман: www.najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top