Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси.
Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир масиҳий ота-онанинг олий мақсади ҳар биримизга яхши аён. Ҳар биримиз истаймизки, ўз фарзандларимиз келажакда доно, ақлли ва художуй инсон бўлиб етишишини.
Албатта ота-онанинг тинимсиз ҳаракатлари туфайли болага берилган тарбия ва билим асосида шундай мақсадга эришиш мумкин. Бунинг учун амалга оширишимиз керак бўлган биринчи қадам, ҳар биримиз ўз фарзандларимиз учун алоҳида ва тинимсиз ибодатда бўлишимиз зарур.
Ҳикматлар китобининг 2 боби 3 ва 6 оятларидан шундай ажойиб сўзларни ўқишимиз мумкин: “Доноликка қулоқ солиб, қалбингни фаҳм-идрокка очсанг, фаросатга ташна идрокка чанқоқ бўлсанг, Уни кумуш излагандай изласанг, яширин ҳазина қидиргандай қидирсанг, Эгамиздан қўрқиш нималигини тушунасан, Худо кимлигини биласан.
Чунки доноликни Эгамиз беради, билим ва идрок унинг оғзидан чиқади”. Бола ҳали ёш бўлган пайтида баъзи нарсаларга унчалик қизиқмаслиги мумкин, лекин биз, катталар, бунга бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Чунки қизиқмаслик учун болаларда бир мунча сабаблар бўлиши ҳам мумкин. Балки бола айнан шу нарсани нималигини охиригача тушуниб етмагандир, аниқроғи, унга тушунтириб берадиган одам топилмагандир. Шунинг учун ҳам болада айнан шу нарса учун қизиқиш бўлмаслиги мумкин.
Шунинг учун, азиз ота-оналар, боладаги қизиқиз борми-йўқми, буни охиригача аниқлаб олишга ҳаракат қилиш керак. Бундан ташқари, бола айрим нарсалардан қўрқиши ҳам мумкин. Бундай қўрқиш эса уларни ўсмирлик даврида ҳам, ҳатто катта бўлганларида ҳам тарк этмаслиги мумкин экан.
Шунинг учун, азизлар, болага бошдан-оёқ доимо эътиборли бўлиш — уларнинг келажакда Худованд хоҳлаганидек инсонлар бўлиб етишишининг гаровидир. Азизлар, агар болаларга ёшлигиданоқ турли муаммоларни Худованд билан ибодат орқали енгишни ўргатган бўлсак, бу биз ота-оналарнинг энг катта ютуғимиздан бири деб айтишимиз мумкин.
Чунки у энди ўзи йўлида учрайдиган турли муаммоларни Худованд билан биргаликда ҳал қилишни яхши билади. Азиз ота оналар, сизлар билан хайрлашар эканман, болаларимиз тарбиясида барчамизга Худованддан донолик сўраб қоламиз.
Шу билан биргаликда, азизлар, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини сизларга эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Хайр, саломат бўлинглар.