Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман.
Раббимиз Исо Масиҳнинг туғилиши барча халқларга Хушхабар бўлди. Аслида Худованд Раббимизни барча халқларни қутқариш учун ер юзига юборган эди. Кимки Раббимиз Исо Масиҳни ўз юрагига қабул қилар экан, у аслида диндан динга ўтишни эмас, аксинча, Худованд билан ярашиб янги ҳаёт бошлашини уй гуруҳингиздаги барча биродарларга айтиб ўтишингиз лозим.
Луқо китобининг 3 боби 23 оятдан то 38 оятгача бўлган жойларида Одам Атодан тортиб то Раббимиз Исо Масиҳнинг барча авлодлари кўрсатиб ўтилган. Азиз биродарлар, агар шу бобнинг 34 оятига назар ташласангиз, Исо Масиҳ Иброҳим пайғамбарнинг авлоди эканлигини билиб олишингиз қийин эмас.
Бизга маълумки, барча мусулмон динига мансуб дўстларимиз Иброҳим пайғамбарни тан олиб, ўз пайғамбарлари деб билишади. Шундай экан, Раббимиз Исони ҳам тан олишдан бошқа иложи йўқдир.
Кўпчилик дўстларимиз Раббимиз Исо Масиҳни русларнинг пайғамбари деб билишади. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Раббимиз Исо Масиҳга эргашганлар, дастлаб Унинг осмонга кўтарилишидан кейин У ҳақидаги хабарни тарқатишни бошлаганлар.
Улар асосан Исроил яқинидаги мамлакатлардан бошлаб, Ўрта Осиё ва ҳатто Европпагача ушбу Хушхабарни тарқатишган. Тахминан ўнинчи асрда рус халқи ҳам Исо Масиҳни қабул қилишди.
Лекин шунга қарамай, ҳозирги кунда Исо Масиҳни Нажоткорим деб қабул қилган рус миллатига мансуб кишилар унчалик ҳам кўп эмаслар. Энди, азизлар, ўз халқимиз ҳақида ҳам икки оғиз гап. Илгари бизнинг халқимиз ҳам Исо Масиҳга ишонишар эди. Орадан асрлар ўтиб қандайдир сабабларга кўра Исо Масиҳга ишонувчилар ҳам камайиб қолди, ҳатто бутунлай йўқолди, деб айтишимиз ҳам мумкин.
Сизга маълумки, совет иттифоқи даврида диний китобларни ўқиб ўрганиш ман этилган эди. Эндиликда эса мустаққилликка эришганимиздан сўнг, халқимиз ҳам Исо Масиҳ ҳақидаги китобларни ўқиб ўрганишмоқда. Баъзи бир муаммоларни ҳисобга олмасак, уй гуруҳлари ва ибодатхоналарга қатнаб, Раббимиз Исони яна қайта улуғлаш учун имкон топилмоқда.
Азиз биродарлар, ўз гуруҳингизда Ватанимиз учун ва уй гуруҳлари учун ибодат қилинг. Худованддан улар учун марҳамат ва барака сўранг деб, бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчиман. Азизлар, бизнинг интернет сайтимиздан фойдаланиб, ўз фикр ва таклифларингизни бизга билдирасиз деган умиддамиз. Манзилимиз: www.najot.com