Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Азиз биродар! Худованд томонидан сизга берилган янги ҳаётни бошлаганингиздан кейин, албатта, дилингизда кўплаб саволлар пайдо бўлади. Шу билан биргаликда ўз яқинларингиз томонидан ҳам турлича саволлар берилишига тайёр бўлишингиз керак. Биз Худо тўғрисида асосан нимага ишонамиз?
Албатта ҳар бир масиҳий киши ягона тирик Худога ва У ер юзига юборган Нажоткорига ишонамиз. Бундан ташқари Исо Масиҳ эрга тегмаган қиздан дунёга келганига ва У гуноҳсиз ҳаёт кечирганига, шу билан бирга дунёдаги барча инсонларнинг гуноҳлари учун Ўзини қурбонликка бағишлаганига ҳам ишонамиз.
Азизлар, ушбу гапларимизни тасдиғи сифатида Ҳаворийлар мактубининг 10 боби 38 оятдан 43 оятгача бўлган жойларини ўқиб кўришингиз мумкин. Биз, масиҳийлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг ўликлардан тирилганига ва ҳозир ҳам тирик эканлигига ишонамиз.
Исо Масиҳ қиёмат кунида бутун инсонларни устидан ҳукм қилувчи бўлиб, яна қайтиб келишига ҳам ишонамиз. Ҳозирги кунда ҳали вақт борлигида, кимки Унга имон келтирса, у албатта нажот топади. Худованд бундай инсонга Ўз фарзанди бўлиш имкониятини беради.
Азизлар, уй гуруҳингизда янги имонга келганлар орасида: Энди мен кимман? — деган саволлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бундай саволга жавоб эса қуйдагича. Кимки Исо Масиҳга ишонган бўлсангиз, демак, сиз ўз Яратувчингиз билан ярашган ва барча гуноҳларингиз ювилган инсонсиз.
Яна муҳим саволлардан бири: Энди мен бу йўлдан қандай қилиб юраман? — деган саволдир. Азизлар, биринчи қилишингиз керак бўлган иш бу — энди сиз Худога ибодат қилиб, Худованддан ёрдам ва мадад сўраб туришингиз лозим.
Бундан ташқари кўпгина саволларингизга жавоб топишингиз мумкин бўлган жой бу — Муқаддас калом. Каломни ўқиш ҳам ҳар бир Худо фарзандини имонда янада мустаҳкамлайди. Доимо Худовандни исмини ҳар қандай жойда ва ҳар қандай шароитда улуғлашга ҳаракат қилинг.
Имонли биродарлар ва дўстлар билан биргаликда учрашиб туриш ҳам сизга катта куч бағишлай олади. Худовандга ҳамду санолар айтинг. Энг муҳими эса, Ота Худо томонидан сизга берилган нажотни асраб авайланг. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини сизларга яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com Яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг.