2:55

Уй гуруҳлари 26

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз қаршисида дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиосининг эшитиришларидан бири.

Ҳурматли биродарлар, бугун сиз билан уй гуруҳларининг ибодатлари ҳақида суҳбатлашсак. Асосан, ибодат қилганимизда бешта мавзуга эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, биринчиси: улуғлашдир.

Худовандни улуғлаб ибодат қилган вақтимизда: “Осмондаги Отамиз, Сенинг Муқаддас исминг улуғлансин”, деб ибодат қилганимиз яхшидир. Иккинчиси эса, Худованднинг иродасини билишдан иборат.

Бунда “Сенинг шоҳлигинг келсин, Осмонда бўлгани каби ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин” деган сўзларни ишлатганимиз маъқулдир. Учинчиси эса кечирим сўрашдир: “Бугунги ризқи рўзимизни бергин. Бизга гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизларнинг гуноҳларимизни кечиргин”.

Тўртинчи ибодатимиз эса Худованддан илтимос қилиш: “Бизни васвасага дучор қилмагин, аммо ёвуз шайтондан халос қилгин”. Охирги бешинчиси эса Худовандга сажда қилишдир: “Салтанат, куч-қудрат ва шон-шуҳрат то абад Сеникидир”.

Азиз биродарлар, қилаётган ибодатингизни бошида ва охирида Худованднинг кўрсатган меҳрибонлигини эслаб ибодат қилиш янада маъқулроқдир. Умуман олганда, масиҳийлар қачон ибодат қилиши мумкин?

Имонли биродарларимизнинг кўпчилиги эрталаб ёки кечқурун ибодат қилишга одатланганлар. Бу ҳам яхши одатлардан бири. Кўпчилигимизда кундуз кунлари вақт кам бўлгани учун шундай одатланганмиз. Лекин уй гуруҳлари аъзоларининг вақти бошқа катта ибодатхонадагиларга нисбатан кўпроқ бўлиши мумкин.

Шунинг учун Худовандга истаган вақтингизда ибодат қилишингиз мумкин. Азизлар, ибодатингиз худди белгиланган вақтда ўқилиши лозим бўлган номоз каби бўлиб қолиши шарт эмас. Худованд ҳар бир биродарни истаган пайтда эшита олади. Кун давомида истаган вақтни танлаб ибодат қилишингиз мумкин.

Кўпчилик биродарлар фақатгина муаммолар вақтида Худовандга ибодат қилишадилар. Яна бошқалар эса овқатланиш олдидангина ибодат қилишади. Лекин Отамиз Худованд бизлар билан доимо тинимсиз мулоқот қилишни истайди. Азиз биродар, Худованд ҳар биримизни ибодатимизни кутмоқда.

Шунинг билан, азизлар, бугунги эшиттиришимизни якунлар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини сизларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сайтимиздан ибодат ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишингиз мумкин: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, соғ-омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top