Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна “Дилкаш” радиосининг тиниб тинчимас хизматчилари. Азизлар, биз сизлар учун қўлимиздан келгунча қизиқарли мавзуларни топиб, Худонинг ёрдами ила сиз, азизларга, манзур бўладиган эшиттиришларни тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз.
Агар эшиттиришларимиз сизларга манзур бўлаётган бўлса, биз ҳам ўз ўрнида сиз азизлардан миннатдормиз. Азиз радио тингловчи, агар малол келмаса, эшиттиришимиз ҳақидаги ўз фикр ва мулоҳазаларингизни бизнинг электрон манзилимизга ёзиб юборасиз деган умиддамиз.
Манзилимиз: dilkash@najot.com Азизлар, марҳамат, бугунги мавзуимизни тинглаб ором олинг. Эски Аҳддан “Чиқиш” китобини ҳар биримиз яхши биламиз. Ушбу китобнинг аталиши ажойиб атама деб айтишимиз мумкин.
Чунки китобда асосан Миср мамлакатидан чиқиб кетиш тўғрисида гап боради. Албатта, ушбу китобдан бошқа маълумотларга ҳам эга бўлишимиз мумкин. Лекин Исроил халқининг Мисрдан чиқиб кетиши жуда аниқ тасвирлаб берилган.
Нима учун Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетганлиги ҳар биримизга яхши аён. Худованд ҳеч замон ўз халқининг азоб чекишини истамайди. Ҳатто Худонинг бирон бир фарзанди ҳам азоб чекишини истамайди.
Ҳозирги кунда айрим муаммолар туфайли айрим биродарларимиз қувғинда юрган бўлиши мумкин. Кўпинча инсон ўзининг хатолари туфайли шундай муаммоларга дуч келиши мумкин. Албатта, ҳамма ҳам шундай деб айтишдан йироқдамиз.
Лекин шу билан бирга Худо Ўзи севган фарзандларини ҳам турли синовлардан ўтқазиб, кейин уларга Ўзининг ажойиб хизматларини ато этади. Азиз радио тингловчи биродар, доимо бошқа биродарлар учун, айниқса қувғинда юрган биродарларимиз учун ибодат қилишни канда қилмайлик.
Ҳар бир масиҳий инсон бошқалар учун, ўзининг оиласи учун доимо ибодатда бўлиши жуда муҳим. Ҳурматли биродарлар, бизга яхши аён, агарда кимдадир Масиҳ учун муаммолар бўлаётган бўлса, Худо ундай инсонни ҳеч қачон ташлаб қўймайди.
Ҳатто бошқа шаҳар ёки мамлакатларга кетган биродарларимиз ҳам ҳеч қандай кам кўстсиз ҳаёт кечириб юрганлиги бизга маълум. Албатта, Худо Исроил халқи учун қандай ғамхўрлик қилган бўлса, бошқа фарзандлари учун ҳам худди шундай ғамхўрлик қила олади.
Шундай экан, азизлар, Худовандни исмини доимо улуғлайлик, Унга доимо миннатдорчилик билдирайлик. Бу Худога жуда ҳуш ёқади. Азиз радио тингловчилар, сизлар билан хайрлашар эканман, ҳар бирингизга тинчлик омонлик тилаб, келаси эшиттиришларимизгача хайр деб қоламан. Соғ омон бўлинглар.