3:10

Худонинг сўзи 114

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, қачонки биз Худованд билан бирга бўлганимиздагина ўзимизни ҳимояланган ҳис этамиз. Шу билан бирга Худованддан тинчлик ва куч-қувват оламиз. Худованд биз масиҳийларни нафақат чўлу биёбонлардан олиб ўтишга ваъда қилган, балки У бизни ҳеч қачон ташлаб кетмасликка ҳам ваъда қилган.

Масалан, Ибронийларга мактубининг 13 боби 5 оятида Худованд шундай ваъда беради: “…Сени ҳеч ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман.” Худованд бизни ташлаб кетмаслигини билсакда, биз ҳам Унинг ваъдасига кўра У томонга қараб қадам ташлашимиз керак. Масалан, кимдир ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлгани билан, агар у йўл-қоидаларига риоя қилмаса, унинг ҳаёти хавф остида қолади. Шунингдек, Худованд олдида тавба қилганимиз билан Унинг амрларига ва айтган буйруқларига қулоқ солмасак — ҳаётимиз қандай тугаши ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.

Худованд Ўзининг фарзандлари ҳаётини доимо кузатиб боради ва ушбу дунёда яшасак ҳам умумий йўлдан эмас, аксинча умуман бошқа йўлдан бизни олиб юришга қодир. Шуни яхши билишимиз керак, азиз радио тингловчи, умумий йўлдан бориш балки ким учундир ёқар, лекин шуни яхши билинг, азизлар, ушбу йўлнинг охири тупикдир, яъни ўз тилимизда айтадиган бўлсак, боши берк кўчадир. Орқага қайтишнинг ва бошқа йўлдан боришнинг ҳечам имкони йўқ. Ортга қайтиш учун эса вақтимиз етмай қолади. Худованд билан адашмай ёруғ йўлдан борамиз. Азизлар, Худовандга имон келтирган ҳар бир инсоннинг ҳаёти шундай гўзал бўладики, ҳатто буни тасаввур қилиш ҳам қийин.

Мен ўзимга яқин бўлган шундай бир инсонни биламан. У Раббимиз Исо Масиҳ билан ярашгунга қадар шундай бир жаҳлдор ва жанжалкаш инсон эдики, бир зумда жанжал кўтариб бир нечта одамларни кайфиятини бузиш у инсон учун ҳеч гапмас эди. У тавба қилди ва Худованд шу инсонни ҳаётини шунчалик ўзгартириб юбордики, ҳатто уни ўзгариб қолганини кўрган одамлар таниш-билишлар уни касал бўлиб қолган деб, ҳам ўйлашганди. Ваҳоланки, у соппа-соғ инсон. Фақатгина Худованд уни янги инсон қилди ва у қайтадан туғилди. Ҳа, азиз биродар, Худованд йўқ жойдан бор қилишга қодир.

Уни номини улуғлайлик. Азизлар, шу жойда Забур китобидан бир ажойиб оятни келтириб ўтмоқчи эдим: “Менга қолса ишончим комилки, мен тириклар диёрида қоламан, Худованднинг баракатларини кўраман.” Забур китоби 26 боб 13 оят. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимизга мен шу жойда нуқта қўймоқчиман. Лекин ундан аввал сиз, азизларга, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Азизлар, имкон топиб ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Ўзингиз ва биродарларингиз учун кўплаб маълумотларга эга бўласиз деган умиддаман. Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top