Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, сиз ибодатга қандай муносабатдасиз? Имонли бўла туриб, кунига қанча вақтингизни ибодатга бағишлайсиз? Ибодатнинг ўзи нима? Келинг, қандай ибодат қилиш Исо Масихнинг издошлари учун мухимми ёки мухим эмаслигини билиш учун Муқаддас Каломга назар ташлаймиз. Матто хушхабаридаги, 6чи бобга бир назар ташлайлик. «Ибодат қилаётганингизда, одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва кўча бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадиган иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Сизларга чинини айтайин: улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар. Сен эса ибодат қилаётганингда ўз ҳужрангга кир ва эшикни беркитиб, яширин бўлган Отангга ибодат қил. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди.
Ибодат қилаётганингизда, мажусийлар каби ортиқча сўзларни такрорлаб турманглар. Улар: кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар. Уларга ўхшаманглар, чунки Отангиз нималарга муҳтожлигингизни Ундан сўрашингиздан олдин билади. Сизлар эса бундай ибодат қилинглар: Бизнинг осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас исминг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин. Бугунги ризқ-рўзимизни бергин. Бизга гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин. Бизни васвасага дучор қилмагин, Аммо ёвуз шайтондан халос қилгин. Салтанат, куч-қудрат ва шон-шуҳрат то абад Сеникидир. Омин. Агар сиз бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирсангизлар, самовий Отангиз ҳам сизни кечиради. Бироқ, агар сиз бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди».
Албатта, Исо Масих биз шогирдларни, бошқаларга ўхшаб ибодат қимаслигимизни ўргатмоқда. Чиндан хам, кўпчилик, кўп сўзласам ибодатим ижобат бўлади деб ўйлайди. Лекин ибодатларимиз тилдан эмас, аксинча, юракдан чиқиши керак. Имон билан айтилган хар бир ибодатга сиз албатта жавоб оласиз. Имон билан айтилган ибодат албатта катта куч қудратга эгадир. Азизлар, бугунги дастуримни мен аввалам бор тўғри, яъни, юрак тубидан имонли ибодат қилиш учун бағишланганман. Бугунги ибодатимга қўшилишни истасангиз, мен билан бирга ибодат қилсангиз хам бўлади. Бордию, ибодат қилишни билмасангиз, хеч хижолат бўлманг. Бемалол кетимдан қайтараверинг. Энг мухими, ибодатингиз чин юракдан бўлса бас.
Осмондаги Отамиз, бизга нажотни берганинг учун катта рахмат. Сен чиндан хам севувчи Худосан. Буни Исо Масихнинг тўккан қони билан бизга исбот этдинг. Худойим, биз энди Сенга тўғридан тўғри ибодат қилишга қодирмиз. Лекин Худойим, бизга чин юракдан ибодат қилишни ўргат. Биз айтган ибодатлар чиндан хам юрагимиз тубидан отилиб чиқсин Худойим. Ибодатимиздаги хар бир айтган сўзимиз кучли бўлсин, оғзимиздан чиққан хар бир сўзимиз имон билан тўлсин Худойим. Биз кўп ибодат қилишни истаймиз. Хар бир имкониятдан фойдаланиб, ибодат учун қўимизни очайлик. Бугун бизни ибодатга чорлаганинг учун рахмат. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун сиздан миннатдорман. Бордию, ибодат эхтиёжларингиз бўлса бизга хабар қилинг, биз сиз учун албатта ибодат қиламиз. Худойим сизни Ўз панохида асрасин. Ибодатларингизни Осмондаги Отамиз Ўзи мархаматласин.