3:57

Тушкунликни енгиш

MP3

Ассалому алайкум қадрли аёллар. Бугунги мавзунинг номи сизга жуда таниш деб ўйлайман. Тушкунлик ҳар бир инсонни ҳаёти давомида ҳеч бўлмаганда икки ёки уч марта учрайди. Статистик маълумотларга кўра, 20 фоиз аёллар 15 фоиз эркаклар тушкунликка тушар экан. Аёлларнинг кўпчилиги оила ташвишлари, фарзандлар тарбияси, эрининг қариндошлари орасидаги муаммолар ва ишига боғлиқ яна бошқа муаммолар билан тушкунликка тушар экан. Эркакларда эса бу бир оз бошқача, улар кўпроқ ишига боғлиқ муваффақиятсизликлар, бизнесда омади келмаганликдан ёки ишлари юришмаётганлигидан тушкунликка тушади. Тушкунликка тушишда аёл кишининг организми ҳам катта рол ўйнайди. Тушкунликка тушишга эркаклардан кўра кўпроқ аёллар мойилроқ бўладилар. Аёлларда ҳар ой маълум бир даврда тушкунликка мойиллик ортади. Бу ҳайз цикли жараёнидир. Бу даврда аёл киши кўпроқ ўзининг организми қандай ишлашини билиб олса, ўша пайтдаги жиззакилик, бош оғриғи, ва тушкунликларни енгиши осон бўлади. Бу ҳақида у уйидагиларни ва эрини ҳам огоҳлантириб қўйса фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу даврда гормонлар бошқа пайтдагидан кўра бошқача ишлайди. Шунинг учун ҳам организмда ўзгаришлар содир бўлади. Келинг тушкунликни келтириб чиқарадиган тўртта асосий сабабларни кўриб чиқамиз:

Жуда интилувчан аёл бирорта муваффақиятсизликка учраганда. Асосан имонли аёллар иложи борича яхши она, яхши рафиқа ва яхши инсон бўлишга интилади. Бу йўлда бирорта муваффақиятсизликка учраса, тушкунликка тушиб қолишлари мумкин.

Бахтли бўлишга интилаётганда одамлар ёки бирор бир ҳолат унга тўсқинлик қилганида. Аёл кишининг ҳаётда вазифаси жуда кўп. У уйда рафиқа ва она бўлиши билан бирга ишхонада яхши ходим ҳам бўлиши мумкин. Ишхонадаги ким ўзарга ишлаш, оиладаги қайнона ёки қайинсингил орасидаги келишмовчиликлар, беэътибор эр, кутилмаган ҳомиладорлик, моддий танқисликлар аёлни осонгина тушкунликка тушишига сабаб бўлади.

Ўзи ҳақида тўғри фикрда бўлмаслик, ҳурматга лойиқ бўлмасликдан қўрқиш. Аёлдаги ўзига нисбатан ишончсизлик, турмушда романтик севгининг йўқлиги, ёки жинсий қониқмаслик ҳам тушкунликка сабаб бўлади.

Худонинг иродасига бўйсунмаслик ёки виждонига қулоқ солмаслик. Бу энг охирги ва энг муҳим сабаб ҳисобланади. Илёс Худонинг иродасига бўйсунмай, Жезебелдан қўрқиб тоққа қочиб кетганида жуда ҳам тушкунликка тушган эди. У Худога: “Бўлди етар, Худойим энди жонимни олиб қўя қол”, деган эди. Ёки бўлмаса Юнус ҳам: “Ундан кўра ўлганим яхши эди”, деган. Аммо Худо уларга қандай муносабатда бўлгани эсингиздами? Худо уларга мулойимлик билан ғамхўрлик қилган. Уларни тушкунликдан олиб чиққан. Биз ҳаётда қандай сабаблар билан тушкунликка тушган бўлсак ҳам, бунга Худонинг давоси бор ва у ишончли. У биздан бутунлай Унга боғлиқ бўлишимизни истайди. Агар биз бор йўғи: «Худовандим мени бу тушкунликдан қутқар”, десак, У ўзининг қудратини исботлайди. Биз керак пайтда бошқаларга тасалли Бера олишимиз учун у бизга тасалли беради. Худо биз сўраган ёки ҳаёл қилганимиздан ҳам ортиғини бажаришга қодир. У биздаги ташвишларни кучга, салбий туйғуларни ижобийга айлантира олади. У биз эришишимиз мумкин бўлган энг яхши маслаҳатчи ва Дўст! У бизга қоронғуликдан ёруғликка ўтишимизга ёрдам беради. Ҳар қандай тушкунлик бизни Худодан ажрата олмайди. Бундай пайтларда Худо ҳеч қачон сизни ташлаб кетмаслигини эсга олинг. Муқаддас Калом сизга Унинг ваъдаларини эслаб олишингизга ёрдам беради. У Ўзининг Каломи орқали бизга жуда кўп ваъдалар берган. У Ўз сўзига содиқдир. Ҳеч қачон Ўз ваъдасини унутмайди. Биз ҳар қанча тушкунликка тушмайлик, Унинг инояти билан яна тура оламиз. Фақат У бизнинг инсонлигимизни билади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам бизга ёрдам беради. Худованднинг тасаллиси доимо сизга ёр бўлсин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top