4:17

Бепуштнинг ноласи

MP3

Ҳурматли аёллар бугунги суҳбатимиз аввалгиларидан бир оз бошқача аммо ҳамма учун бирдай оғриқли мавзу ҳақида. Аёл учун энг катта орзу бу она бўлиш ва фарзанд ўстириш. Бу Худо томонидан бизга берилган маъсулият ва вазифа. Аммо ҳамма аёллар учун ҳам эмас. Шундай аёллар борки болали бўла олмайди, аммо бу улар учун Худонинг иродаси. Атрофимиздаги минглаб одамлар орасида бефарзанднинг ноласи бошқа шовқинларга қоришиб кетади. Ҳар доим ҳам уларнинг ноласини эшита олмаймиз. Бундай аёллар фарзанд кўриш учун ҳар нарсага тайёр бўладилар. Қиз турмуш қургач, узоғи билан бир икки йил фарзанд кўрмаса, қайнона ва қариндошлар тезгина эскича илму амалларни қўллашга ҳар хил ирим-сиримларни қилишга тушишади. Аллақаёқдан ўқиб қўядиган бир аёлнинг дарагини эшитишади-да, келинини ёки қизини албатта ўша фирибгарнинг олдига олиб боришади. Бундай илму амаллар учун қанча-қанчалаб пул сарфлашади. Аммо камдан-кам ҳолларда мутаҳасис шифокорга мурожаат қилишади. Одатда аёл ҳомиладор бўлмаса биринчи тошлар аёлга қарата отилади. Аммо аёлларнинг ҳаммаси ҳам: “Айб балки фақат менда эмасдир, эримни ҳам шифокорга кўрсатайлик”, деб айтолмайди. Аксарият ҳолларда ҳеч қандай айбсиз аёллар азоб чекадилар. Эрлар эса шифокорга бориб кўринишни ўзларига эп билмайдилар. Бундан эса фақатгина аёлга қийин.

Ҳатто Муқаддас Китоб даврида ҳам бепуштлик ката муаммо бўлган. Масалан Сорони олиб қарайлик. Соро Иброҳим пайғамбарнинг хотини бўлган бўлса ҳам унинг имони мустаҳкам бўлмаган. У Худонинг ваъдасини эридан албатта эшитган бўлши керак, аммо шундай бўлса ҳам Худонинг иродасини ва вақти соатини кутмасдан, ўз кучи билан ишга киришди. У ўз чўриси Ҳожардан фарзанд кўрмоқчи бўлди. Худо ҳеч қачон Ўз ваъдасини бажаришга кечикмайди. Буни эса ўша пайтда Соро яхши тушунмаган бўлса эҳтимол. Элқананинг хотини Ҳанна эсингиздами? У ҳам фарзандсиз эди. У кундошининг масхараларига ва хўрликларига чидашига тўғри келган. Эри уни қаттиқ севишига қарамасдан, ҳар йил у Маъбадга борганида Худодан ўғил беришини сўраб илтижо қиларди. У ҳеч қачон Худодан бошқа нарсаларга умид қилмаган. У ҳар йили Маъбадга бориб Худодан ўғил сўрашни канда қилмасди. У қаттиқ, йиғлаб илтижо қиларди. У хатто бажариш қийин бўлган ваъдани берди. “Эй Худойим, мен қулингга раҳм қилиб менга бир ўғил ато эт. Агар менга ўғил фарзанд берсанг, ваъда бераман у Сенинг хизматингда бўлади”. Худо унга ўғил фарзанд берди, у эса ўз ваъдасига содиқ қолди.

Ёқубнинг севимли хотини Роҳила ҳам бепушт эди. У фарзанд кўриш учун ҳар нарса қилиб кўрди. У Ёқубга тегишидан олдин бутларга ишонарди. Балки Ёқубга текканидан кейин ҳам бир мунча вақт ўзининг бутларига ишонгандир. У болали бўла олмаётгани учун опаси Леага хасад қиларди. У бир марта Эри Ёқубга “Менга фарзанд Беринг бўлмаса ўламан”, деганида Ёқуб унинг сўзларидан аччиқланиб: “Наҳотки мен сени оналик бахтидан бебаҳра қилган Худонинг ўрнида бўлсам?!”, деган эди. Шунда ҳам у Худога юз бурмади. У фарзанд кўриш умидида опасининг ўғли Рубеннинг меҳригиёҳларини ҳам сотиб олди. Ўша даврда бепушт аёл меҳригиёҳлардан еса, мўъжизавий тарзда ҳомиладор бўлиб қолади деган иримлар бўларди. Аммо Худо барибир унинг илтижоларини эшитди. Унга раҳм қилиб фарзанд берди. Роҳилага ўхшаш аёлларни бугун ҳам учратишимиз мумкин. Улар ҳам фарзандли бўлиш илинжида турли хил иримларни қилиб кўрадилар. Шундай иримлар уларга фарзандли бўлишларига ёрдам беришига ишонадилар. Бу эса Яратгувчимиз Худовандга эмас, бутга сиғинишдай гап. Чунки фақат Худовандга юз буриш ўрнига ўша иримларга ишониб, уларни Худонинг ўрнига бут қилиб оладилар. Шунинг учун бугунги кундаги бефарзанд аёллар ҳам ҳар хил ирим-сиримлар ўрнига Худога илтижо қилсалар Худованд уларнинг илтижосини эшитади. Агар Худонинг иродаси бўлса, албатта уларга фарзанд беради. Аммо фарзанд бермаса ҳам, тушкунликка тушмасинлар чунки улар учун Худонинг бошқа режалари бордир. Улар меҳрга зор етимларни боқиб олишлари ва шу билан кемтик кўнгилларни тўлдиришлари мумкин. Фарзандсизлик катта фожеа эмас, Худонинг иродасига бўйсунмаслик ҳақиқий фожеа.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top