Салом азизлар. Гунох табиатига багишланган дастурга хуш келибсиз. Ўтган дарсда биз иноятни инкор қилиш ҳақида гаплашдик, бугун эса қонун остида яшаш ҳақида гаплашамиз. Қонун билан оқланиш ва қонун остида яшаш бир хил маънодаги тушунчалар. Қонун деганда биз нафақат Илоҳий қонунни, балки инсонлар ўзлари учун ўйлаб топган руҳий қонунларни ҳам назарда тутамиз. Шунинг учун қонун остида деганимизда қандай қонун ҳақида гап кетяпти экан, деб бош қотирманг, чунки уларнинг ўртасида фарқ йўқ. Одатда инсон ўз олдига қўйган қонунлар ҳам жуда яхши бўлади ва яхши ният билан айтилган бўлади. Бироқ агар биз Худо олдида оқланиш учун мана бу ёки ана у қонунни бажараман, ўшанда Худо мени қабул қилади, деб ўйласак, биз жуда катта хато қилган бўламиз. Чунки бундай қилиш орқали биз Худо иноятини инкор қилиб, иноятдан йиқилган бўламиз ва қонун остида яшаяпган бўламиз. Бироқ шуни айтиш керакки, ҳеч ким ҳар доим ҳамма қонунларга риоя қилиб яшай олмайди, шунинг учун ҳам Исо келиб, биз қила олмайдиган нарсаларни қилиб, уларнинг натижасини ишонганларга совға қилиб берди. Агар имонли киши Исонинг хочи орқали у Худо иноятига эришиши мумкинлигини ва шундай қилиб муқаддасланишини билмаса, демак у Худо иноятида эмас, балки қонун остида бўлади. Чунки имонли киши фақат иккита доирада бўлиши мумкин: у ёки иноят доирасида ё қонун доирасида бўлиши мумкин. Бундан ташқари бошқа жой йўқ, шунинг учун агар киши иноят хабарини тўлиқ билмаса, демак у қонун остида бўлиши табиий холдир. Исо Масиҳ ўлиб, қайта тирилгани натижасида биз иноят даврида яшашни бошладик, бироқ шу билан биз автоматик равишда иноят остида бўлмаймиз. Кўпгина имонлилар шундай фикр билан алданиб, биз ҳам иноят остидамиз, дейдилар. Бироқ агар имонли кишининг ҳаётида башарий тана ишлари бор бўлса, демак у иноят эмас, балки қонун остида бўлади. Агар биз автоматик равишда Худо инояти остида бўадиган бўлсак, унда Павлус Худонинг иноятини инкор этиш ва иноятдан маҳрум бўлиш ҳақида ёзмаган бўлар эди. Одамлар ўзлари ёки жамоатлар ўйлаб топган қонунларга мисол келтирайлик: айримлар гуноҳ устидан ғалаба қилиш учун Каломни кўп ўқиш керак дейдилар, айримлар ибодат қилиш керак, дейди, яна бошқалар гуноҳга “йўқ” деб, ўгириб кетиб қол, дейдилар, яна бошқалар кўпроқ ҳаракат қилиш керак, дейдилар ва ҳаказо. Мана шулар қонунга мисол бўлади. Албатта улар ёмон нарсаларни ўргатишмаяпти, бироқ бундай қилиш орқали сиз гуноҳдан озод бўлмайсиз, балки шунинг тескариси бўлиб, сиз гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида қолиб кетасиз. Мен бу билан Каломни ўқиш керак эмас, ибодат қилиш керак эмас демаяпман, балки булар оқланишнинг оқибати, демоқчиман. Яъни шу ишларни қилиб, биз оқланмаймиз, балки Худо олдида оқланганимиз учун уларни қиламиз ва шундай қилишни истаймиз. Ўз ишлари билан оқланмоқчи бўлган киши ўз назарида солиҳ бўлиб қолади, у ўзини бошқа одамлар билан таққослайди. Бундай қилиш одамга ғалаба бермайди ва Худо билан муносабатга олиб келмайди. Юқорида айтганимиздек, гуноҳ табиатидан озод бўлишнинг ягона йўли Исо Масиҳга ишониш ва Унинг хочда қилган ишига ишончимизни қаратишдир! Шундай қилиш орқали сиз Муқаддас Руҳ ёрдамига эга бўласиз, Худога яқинлашасиз, Масиҳдек бўласиз ва муқаддасликда яшайсиз. Шу орқали фақат Худо шон шарафга эга бўлади, қонун остида яшайдиган одам орқали Худо шарафланмайди. Шунинг учун сиздан илтимос қиламан, шу хабарни Худодан сизга очиб беришини сўранг ва сўнг иноятда яшанг! Худо инояти сизга ёр бўлсин!