4:00

Масиҳ учун азоб чекиш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Дастур давомида биз сизлар билан нафақат ибодат, баълки Муқаддас Каломдаги оятларни ҳам тилга оламиз. Азизлар, сиз Масиҳни ҳаётингизга таклиф қилганмисиз? Агар шундай бўлса мен сизни тушунаман. Мен ҳам сиз каби Масиҳ номи учун атрофдагилар томонидан ҳақоратларга йўлиққанман, баъзилар мендан юз ўгирган. Лекин бардам бўлинг, Раббимиз Исо сиз билан биргадир, У сизни ҳатто бир сонияга ҳам ташлаб қўймаган. Ҳаворий Бутруснинг биринчи мактубидаги 4чи бобнинг 12чи оятдан бошлаб ўқиб берай. Эй севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар. Аксинча, Масиҳнинг қанча азобларига шерик бўлаётган бўлсангиз, шунча хурсанд бўлинглар! Шунда У шон-шараф ила осмондан тушиб зоҳир бўлгач, кўнглингиз яна кўпроқ қувончларга тўлади.

Агар Масиҳ номи туфайли сизларни ҳақорат қилишса, бахтиёрсизлар! Чунки Худонинг Руҳи, шон-шараф Руҳи сизларда маскан қилади. Уларга қолса, Руҳни ҳақорат қиладилар, сизларда эса шарафланади. Сизлардан ҳеч ким қотил, ўғри, ёмонлик қилувчи ёки фитна-фасодчи бўлиб азоб чекмасин. Лекин агар бирор киши Масиҳий бўлгани учун азоб чекса, уялмасин, аксинча, бу ном билан Худони улуғласин. Худонинг Ўз хонадонини ҳукм қилиш вақти аллақачон бошланди. Агарда биз биринчи навбатда ҳукм қилинадиган бўлсак, унда Худонинг Инжилига итоатсизлик қилганларнинг охирати нима бўлади? Сулаймон маталларида ёзилишича: «Агар солиҳ одам зўрға қутулса, бетавфиқу гуноҳкорнинг аҳволи нима бўлади?» Шундай қилиб, Худо иродасига кўра азоб чекаётганлар яхшилик қилишга бел боғласинлар ва Ўз сўзига содиқ бўлган Парвардигорга жонларини бағишласинлар.Азизлар, нақадар қўллаб-қувватловчи оятлар. Шахсан мен, қувғинларга ёки нафратларга дуч келсам шу оятларни эслашни бошлайман, шу йўсин юрагим тинчликка тўлади. Мен айнан шу учун ибодат қилмоқчиман. Истасангиз, мен билан бирга ибодат қилинг. Худойим, Сенинг севгинг чексиздир. Берган нажотинг ажойибдир. Худойим, бизлар, Сенинг ойиланг аъзосига айландик. Биз энди Сенинг фарзандларингмиз. Биз бутунлай Сенга тегишлимиз. Худойим, лекин бундай бўлиши билан бирга, биз дунё учун душман бўлиб қолдик. Одамлар қурбон қўзинг Масиҳ номи учун бизни ҳақорат қилишяпти. Бу табиийдир, чунки сен бизни шайтон қўлидан тортиб олдинг. Энди дунё бизга қаршидир.

Худойим, бизни шу қадар жасур қилгинки, Масиҳнинг номи учун азоб чексак, уялмасдан, аксинча, бу ном билан Сени улуғлайлик. Агар Масиҳ номи туфайли бизларни ҳақорат қилишса, ҳафа бўлмай бахтиёр бўлайлик. Сенинг Руҳинг бизларда маскан қилсин. Худойим, қаерда бўлмайлик, кимлар билан тўқнаш келмайлик, Исо Масиҳнинг номи биринчи ўринда турганини ёдимиздан чиқармайлик. Айнан Исо Масиҳ орқали шайтон шоҳлигидан Худонинг шохлигига ўтганимизни эсдан чиқармайлик. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию сизда ҳам ибодат эхтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com манзилига ҳабар йўлланг ёки www.najot.com сайтининг ”ибодат эхтиёжлари” деб номланган бўлимга кириб ҳабар қолдиринг. Исмларингиз эфирга узатилмайди, бундан ҳавотир олманг. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top