3:37

Охуннинг гуноҳи

MP3

Ассалому алайкум. Муқаддас Каломда пайғамбарлардан ташқари оддий одамлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Муқаддас Каломни ўқиш жараёнида шу нарсага амин бўлдим-ки, Худо ҳеч қачон бир одам ҳақидаги ҳикояни ёки маълумотни бекорга бермас экан. У шахснинг ҳаёти орқали бизга нимадир ўргатишни режалаштирган. Дарҳақиқат, уларнинг ҳаётлари орқали ўзимизга керакли хулосаларни чиқариб оламиз. Хўш Охун деган шахс ҳақида эшитганмисиз? У нимаси билан Худонинг назарига тушиб, Муқаддас Каломда у ҳақида ёзилишига эришди? Аслида, гуноҳ қилиб Муқаддас Каломдан жой олмагани яхши эди. Аммо, афсуски шундай бўлди. Нима гуноҳ қилган экан, деб қизиқаяпсизми? У Ерихо шаҳри вайрон қилингандан кейин, Худога аталган бойликлардан ўғирлаб, ўз чодирига кийимлари орасига яшириб қўйди.

Бу гуноҳи учун Худо Исроил халқини жазолади. Қандай қилиб дейсизми? Исроил халқи Ерихони забт этгач Ериходан 24 км ғарбда жойлашган Ай шаҳрига ҳужум қилишди. Бу шаҳарнинг аҳолиси унчалик кўп эмасди, аммо Худо бу шаҳарни уларга бермади. Бу жангда исроилликлар мағлуб бўлишди. Шунда Яҳудо ва халқ оқсоқоллари Аҳд Сандиғи олдида мук тушиб, Худога илтижо қилишди. Худо эса ораларида кимдир гуноҳ қилганини маълум қилди. Ўша даврнинг одатига кўра ҳар бир қабила бир жойга тўпланди. Қайси қабила гуноҳ қилганини қуръа ташлаб билмоқчи бўлишди. Қуръа Яҳудо қабиласига тушди. Яҳудо қабиласининг уруғлари бирма-бир келди. Худо Зерах уруғини танлади. Зерах уруғининг оилалари бирма-бир келганида эса, қуръа Зимри деган кишининг оиласига тушди. Оила ичидан эса Худо Охунни гуноҳкор деб танлади.

Охун ўз гуноҳини бўйнига олди: «Ҳа, тўғри. Исроил халқининг Худоси Эгамизга қарши гуноҳ қилган менман. Ўша куни ўлжа орасидан Шинардан келтирилган чиройли тўнни, 500 мисқол кумуш ва оғирлиги 125 мисқол келадиган бир бўлак тиллани кўриб қолдим. Кўнглим тусаб, уларни олдим. Уларни чодиримнинг ичида ернинг тагига кўмиб қўйганман, кумуш энг тагида» ( Яҳудо 7:20). Калом Охунни Зимрининг невараси деб таништирса ҳам, унинг ёш бола бўлмагани аниқ. У уйланган ва бола-чақали одам бўлган. Бугунги кунда имонли шундай ишга қўл урса, «Бечора бола-чақасини ўйлаб шу ишни қилган-да!», — дегувчилар топилади. Аммо Худога чиндан ишонган, ўзини Унга бағишлаган одам бу ишга қўл урмайди. Имонлининг бу баҳонаси жуда ожиз ва жирканч эшитилади.

Чунки Худони билмаган одам ҳам ризқини Худо беришига ишонади. Ўша пайтда ҳам бу нарса жуда шармандали ҳолат бўлиб, фақат гуноҳ қилган кишигина эмас, бутун оиласи жазоланган. Исроил халқи Охуннинг ўғирланган нарсаларини, ўғил-қизлари, мол-қўйлари, эшаклари, чодири-ю бор нарсаси билан Охор сойлигига олиб бориб тошбўрон қилиб ўлдиришди. Жасадларини эса оловда куйдиришди. Худо гуноҳни жазосиз қолдирмайди. Бугун ҳам шайтон имонлига бойликка муҳаббат руҳини беради. Баъзида ўғирлаш учун энг қулай имконият ҳам беради, аммо шундай қулай шароитда ҳам Худога содиқ қолган ва шайтоннинг васвасасини енгган имонлидан Худо мамнун бўлади. Худо ҳар биримизга Шайтоннинг васвасасини ўзига қарши ишлаштишга куч берсин. Омин! Азизлар ҳаётимизда учраб турадиган руҳий муаммолар ҳақида билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб, улардан боҳабар бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top