MP3

«Улар шаҳарга кириб, қўнган хонадонларининг болахонасига чиқдилар. Петр, Ëқуб, Юҳанно ва Андрей, Филипп ва Фома, Варфоломей ва Матто, Алфей ўғли Ëқуб, ватанпарвар Симон ва Ëқуб ўғли Яҳуда ўша ерда эдилар» (Ҳав1:13).

Ассалому алайкум. Исо ҳаворийларидан бирининг номи Филипп эди. Бу одам бошқа ҳаворийлар, яъни Петр ва Юҳанно каби машхур эмас. Аммо Худо у орқали жуда ажойиб ишларни қилган. У қандай одам бўлган эди? Келинг, Каломдан унинг сифатларини излаб кўрамиз. Ҳаворийлар 6 бобнинг бошида шогирдлар орасида бир муаммо пайдо бўлади. Кундалик эҳтиёжларни бўлиб бериш чоғида баъзи яҳудийларнинг аёллари эътиборсиз қолаётган эдилар. Хуллас адолат билан иш тутилмаётган эди. Шундан сўнг ҳаворийлар ўз ораларидан етти кишини шу хизматга тайинлашга қарор қилишди. Бироқ бу вазифага тайинланадиган одам баъзи сифатларга эга бўлиши керак эди.

Танланган одам қандай сифатларга эга бўлиши керак эди? «Эй биродарлар, энди синалган ҳамда Муқаддас Руҳ ва ҳикматга тўлиб – тошган етти кишини орангиздан танлаб олинглар; уларни бу хизматга тайин этамиз.» (Ҳав 6:3). Танланганлар орасида Филипп ҳам бор эди. Талабга кўра бу хизматга тайин этиладиганлар «синалган, Муқаддас Руҳга ва ҳикматга» тўла киши бўлиши керак эди. Филлип чиндан ҳам синалган ҳаворий эди. Исо Масиҳ уни ҳаворий қилиб танлаганди. Исо Масиҳ сув устида юрганида ҳам, 5000 кишини тўйдирганида ҳам, шолни ва кўрни шифолаганида ҳам У билан бирга эди. Унинг таълимотини эшитган, мўъжизаларини ўз кўзи билан кўрган киши эди. Исонинг ўлимидан кейин ҳаворийлар бир уйга йиғилиб ўтиришганида тирилган Исо уларнинг орасида пайдо бўлди. Филипп ҳам ўша ерда эди.

Шундай қилиб, Филипп синалган, ишончли киши эди. Демакки, ўз-ўзидан ҳақиқатгўй ҳам бўлган. Калом уни «ҳикматга тўлган», деб айтади. Шунга кўра, уни доно одам бўлган дейишимиз мумкин. Доно одам, қиладиган ҳар бир ишини ўйлаб, яхши-ёмонини тарозига солиб қилади. Гапларни ҳам беҳудага гапирмайди. Сулаймоннинг маталлари 8 бобда «Донолик» шундай дейди: «Мен мағрурлик ва манманликдан, ёвузлик ва бузуқ тилдан нафратланаман. Менда маслаҳат ва ҳақиқат бор, Мен – идрокман, қуввату куч ҳам Мендадир. Ким Мени севса ўшани севаман, астойдил қидирганлар Мени топадилар… Чунки Мени топган ҳаёт топади, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади». Филипп доноликни топган ва Худонинг марҳаматига сазовор бўлган, керак пайтда бошқаларга ёрдам ва доно маслаҳатлар бера оладиган инсон бўлган.

Яна Калом уни Муқаддас Руҳга тўлган деб айтади. Муқаддас Руҳга тўлган одам, фақат Муқаддас Руҳ амри билан ҳаёт кечиради. Худонинг иродасини бажаради. Унинг йўлидан оғишмайди. Биласизки, Худонинг йўли енгил эмас. Бу йўлда киши эски табиатидан, инсоний хоҳишларидан воз кечиши керак. Эски табиатини ташлай олган, руҳан кучли инсон бўлган, деб ҳулоса қилишимиз мумкин. Чунки Худо Филипп орқали анча мўъжизалар қилди. Бу ҳақида кейинги суҳбатларимиздан билиб оласиз. Азиз тингловчи агар Ҳаворийлар ва Муқаддас Каломда ёзилган шахслар ҳаёти билан қизиқсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимиз эшиклари сиз учун доимо очиқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top