MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Яҳуда Искариот. У инсоният тарихида юзи қора бўлганларнинг энг биринчисидир. У иблиснинг ичига кириб олишига йўл қўйиб берди. Исога эргашган бўлса ҳам қалби билан Унга боғланган эмасди. Ичига ўрнашиб олган иблис тез орада ўз ишини қила бошлади. Энг аввало у Яҳудани режа қилишга ундади. Яҳуда Исо Масиҳни олийруҳонийлар қўлига тутиб беришга режа қилиб, қулай пайт келишини кутди. Аслида бу Яҳуданинг эмас, шайтоннинг режаси эди. Шайтон шундай усталик билан Яҳудани бу режа уники эканига ишонтирди. Сўнгра у олийруҳонийлар билан қачон ва қандай қилиб Исо Масиҳни халқ кўзидан панароқда қўлга олишга келишиб олди. Лука 22 боб 5 оят шундай дейди: «Улар севиниб, унга пул беришга ахд қилдилар.»

Нарратор 2 Матто хушхабарида эса у ҳақида шундай ёзилган: «Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган искариотлик Яҳуда деган киши олийруҳонийларнинг олдига бориб: — Исони қўлингизга тутиб берсам, менга нима берасизлар? – деб сўради. Улар Яҳудага ўттиз кумуш танга таклиф этдилар.» (Матто 26:14-15) Шайтон кимнидир ўз тўрига алдаб киритар экан бу ишни қилишдан унга катта манфаат борлигига ишонтиради. Яҳудани ҳам шундай қилиб ишонтирди. Ундан ташқари фақат Яҳудани эмас олийруҳонийлар-у, уламоларни ҳам ўз мусиқасига ўйната олди. Уларни тушуниш мумкин. Исо Масиҳнинг таълимоти, қилган мўъжизаларидан сўнг халқ олийруҳонийларга эргашмай қўйган эди. Халқ олдида обрўсини йўқотаётганидан ва Исо Масиҳнинг бу таълимоти орқали сиёсий танглик келиб чиқишидан қўрққан уламолар тезроқ Уни йўқ қилиш фикрига тушиб қолишган эди.

Нарратор 1 Нима бўлганда ҳам шайтон Яҳуда ва олийруҳонийларни шерик қилиб қўйди. Яҳуда бу ишга киришар экан шайтон унинг энг заиф нуқтасидан фойдаланиб, ўз режасини бажаришда қўғирчоқ қилиб ўйнатаётганини англамади.

Ҳаммамизнинг ўзимизга яраша заиф ва оғриқли нуқталаримиз бор. Агар вақтида бу заифликлар ва оғриқларни Худога бермасак, биз ҳам шайтоннинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолишимиз мумкин. У ўша нуқталар орқали бизни бошқара бошлайди.

Яҳуда Исо Масиҳга ҳиёнат қилиб Уни олийруҳонийлар қўлига топширгач, нима иш қилиб қўйганини англади. Аммо энди кеч эди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Тонг отгач, олийруҳонийлар билан халқ оқсоқоллари жамиси кенгашиб, Исони ўлим жазосига маҳкум қилишга келишдилар. Исони боғладилар ва олиб бориб, вилоят ҳокими Понтий Пилатга топширдилар.

Нарратор 2 Хоин Яҳуда эса Исонинг маҳкум этилганини билиб, пушаймон бўлди ва ўттиз кумуш тангани олийруҳонийлар билан оқсоқолларга қайтариб бериб: — Мен хоинлик қилдим, бегуноҳ қон тўкилишида айбдорман, — деди… Шунда Яҳуда кумуш тангаларни маъбад ичига улоқтириб юборди-да, у ердан чиқиб бориб, ўзини осиб ўлдирди» (Мат 27:1-5). Яҳуда хоинлик қилмаслиги мумкин эди. Исо Масиҳ билан бирга юрганида, қалбини Унга бериш учун анчагина вақти бор эди. Исонинг қилган ишлари, мўъжизаларини кўрганида, таълимотини эшитганида қалбини Унга бериш учун имконияти бор эди. Аммо у бундай қилмади. Шунинг учун ҳам иблис бундан фойдаланиб қолди. Шайтон бизни васвасага солганида, гуноҳ қилишдан олдин тўғри йўлни танлашга ҳар доим имконимиз бўлади. Азизлар Муқаддас Каломдаги шахслар ҳаётидан хулоса чиқаришни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top