MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Каломда Хожар ҳақида бир неча марта ёзилган. Иброҳим пайғамбар Худо ваъда қилган ерга бораётган пайтда Жанубистонга келди. Бу жой ҳозирги Ироилнинг чўлга яқин жойи ҳисобланади. У Жанубистонга келгач, қаҳатчилик юз беради. Калом шундай дейди: «Шу орада қаҳатчилик юз берди. Ибром мусофир бўлиб яшаш учун Мисрга қараб равона бўлди. Чунки мамлакатдаги қаҳатчилик ҳаддан зиёд эди» (Ибт 12:10). Иброҳим ва Сорай қанча муддат Мисрда яшагани маълум эмас, аммо таҳминимизча, Сорай чўриси Ҳожарни мана шу пайтда ўзига хизматкор қилиб олган. Кейин эса Ҳожар улар билан бирга Канон юртига келди. Сорай бола туғмаётгани учун сиқилар, Худонинг берган ваъдасига қарамай, ўзи ҳаракат қилишга тушди. Шунинг учун ҳам чўриси Ҳожарни эрига хотинликка олиб берди. Иброҳим эса Хожардан ўғил кўриб унинг исмини Исмоил қўйди.

Нарратор 2 Табиийки, боланинг тарбиясига кўпроқ она масъул бўлади. Онанинг Худо ва одамлар ҳақида фикри қандай бўлса, боланинг фикри ҳам шунга қараб шаклланади. Хожар мисрлик бутпараст эди. Мисрликлар биргина эмас, бир нечта худоларга ишонишган. Бу нарса ҳар бир мисрликнинг қон-қонига сингиб кетган. У Иброҳим ва Сорайнинг қўл остида яшаган бўлса ҳам, ҳеч қачон уларнинг Худоси ҳақида билишга қизиқмаган. Ўз худоларига сиғиниб юраверган. У Иброҳимнинг чўриси Илъазардан бутунлай фарқ қиларди. Илъазар Иброҳимнинг Худосини билишга қизиқди, хўжайинига яқин инсон бўлди ва Худога ишонди. Ҳожар эса бекаси Сорайга ҳеч қачон яқин бўлмаган. Балки шунинг учун ҳам Иброҳимдан ҳомиладор бўлганини билгач, ҳонимини назарга илмай қўйган. У қанчалик ҳонимига хурматсизлик қилгани, унинг дилини оғритгани ҳақида билмаймиз, чунки Калом бу ҳақида тўлиқ тушунтирмайди.

Нарратор 1 Аммо шуниси маълумки, у ибронийларнинг урф одатини яхши тушунмаган кўринади. Уларнинг одатига кўра, чўрининг бекасини эридан кўрган боласи, беканики ҳисобланган, чўрининг бу болада ҳеч қандай ҳаққи бўлмаган. Шунинг учун ҳам қадимда чўрилар ўзларини шунчаки чўри ҳисоблашган. Ҳожар эса ундай қилмаган кўринади. Бекасига берган озорлари учун бекаси ҳам унга озор беради. Бекасининг озорига чидай олмай Ҳожар уйдан қочиб кетади. Худованд эса Ҳожарга ғамхўрлик қилди. Уни шундай ташлаб қўймади. Ҳеч қачон фариштани кўрмаган Ҳожар булоқ бошида фариштани учратди: «Ниҳоят Худованднинг фариштаси чўлдаги бир чашма бошида, Шур йўлидаги булоқ бошида Ҳожарни топиб- Эй Сорайнинг чўриси Ҳожар! Қайдан келиб, қайга кетаётирсан?- деди. – Мен ҳонимим Сорайнинг олдидан қочиб келаётирман, — деди Ҳожар.

Нарратор 2 Худованднинг фариштаси унга: — Ҳониминг ёнига қайт ва унинг озорига чида, — деди. Сўнг Худованд фариштаси қўшиб, Ҳожарга: — Сенинг авлодингни шу қадар кўпайтираманки, кўплигидан уни санаб бўлмайди, — деди.» Мисрда яшаганида ўзи сиғинган худоларнинг гапирганини ҳеч қачон кўрмаган. Бекаси ва хўжайини Иброҳимнинг Худоси ягона тирик Худо эканини мана шундан ҳам билса бўларди. Аммо шунга қарамай, у яна ўзининг бутларига сиғинишни маъқул кўрди. Баъзан биз ҳам Худонинг ғамхўрлигини, меҳрибонлигини кўриб туриб ҳам, яна аввалги эски ишларимизга қайтамиз. Хожар бўлиб яшашдан тўхташ вақти келмадимикан!? Азизлар, Муқаддас Каломда ёзилган шахслар ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга доимо керакли маълумотни беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top