3:23

Худонинг ишлари

MP3

Нарратор 1 «Шу тариқа Раббимизнинг каломи бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб борарди» (Ҳав 13:49).

Ассалому алайкум. Худонинг хизматида бўлиш осон эмас. Аммо Худонинг хизматида У билан бирга бўлиш жуда ажойиб. Худо хизматини бир ўзингиз бажаришга ҳаракат қилсангиз, албатта кучингиз ва тоқатингиз етиши қийин. Чунки Худосиз шайтоннинг қаршиликларига қарши туриш бизнинг қўлимиздан келмайди. Бироқ агар Худо билан бирга бўлсак, шайтоннинг ҳар қандай қизиган ўқларини ўчира оламиз. Исо Масиҳ шогирдларига «Муқаддас Руҳни олмагунча Қуддусдан кетиб қолманглар» — деганида қанчалик ҳақ эди. Шогирдлар қанчалик яхши ўқитилган, амалда хушхабар айтишни ўрганган бўлмасин, Муқаддас Руҳсиз Исо Масиҳнинг буюк топшириғини бажара олмасдилар.

Нарратор 2 Шогирдлар Павлус билан Барнабо Худонинг хушхабарини етказиш учун сафарга чиқишганида, кўп марталаб қаршиликларга дуч келишди. Бироқ Худонинг қўли улар билан бирга эди. Улар дастлаб Кипр оролига сузиб бордилар. Саламис шаҳрига келдилар, Пафос оролида бўлдилар. Памфилиянинг Пергия шаҳрига келишди. Писидия юртидаги Антиохия шаҳрига боришди. Қаерга боришмасин ибодатхоналарда, бозор жойларда Худонинг каломини тарғиб қилишдан тўхташмади. Албатта шу шаҳарлар ичида Худо хизматини қилар эканлар, қаршиликларга, одамларнинг ишончсизликларига кўп марта гувоҳ бўлишди. Агар мен бўлганимда одамларнинг имонсизликларини, қаршиликларини, Худо каломига нисбатан совуқликларини кўриб, руҳим тушган ва Худо хизматидан кўнглим совуган бўларди, балки. Бугунги кунда кўпчилик масиҳийларнинг ҳатти ҳаракатлари ҳам мана шундай.

Нарратор 1 Аммо ўша пайтдаги шогирдларнинг жасоратига, ғайратларига қойил қолса арзийди. Худо улар орқали шундай ажойиб, мўъжизали ишларни қилган. Ўша пайтда ҳаёт қандай бўлгани бизга маълум эмас. Лекин ҳар бир замонда ҳам инсонлар энг аввало моддий муҳтожликни, ўз манфаатини биринчи ўринга қўйган. Ҳаворийларнинг оилалари йўқ эдими? Уларнинг ишлари, муҳтожликлари йўқ эдими?! Албатта бўлган. Ҳамма шогирдлар эмас, баъзилари уйланмаган бўлишган. Аммо Худо уйланманган ва уйланганларнинг ҳаётида ҳам мўъжизали тарзда ишлаган.

Шайтоннинг бизни Худо хизматидан қайтариб турадиган биринчи дастаги бу оилаларимизни боқиш ва уларга масъул бўлиш жавобгарлигини эслатишдир. Худо ҳам оилаларимизни ташлаб қўйишимизни истамайди. Бироқ шайтон бизга Худо хизматини қилсанг, оиланг қаровсиз қолиб кетади, дея алдайди.

Нарратор 2 Худо ўз фарзандларини ишга чақирар экан, улар учун керакли ҳамма нарсани беради. Бу хизматни қилиш учун керак бўладиган кучни ҳам, доноликни ҳам, моддий муҳтожликларни ҳам. Шогирдлар қаерга боришмасин, ҳеч қачон оч ва яланғоч қолишмаган. Худо ҳар доим уларни Муқаддас Руҳи билан қувватлантириб турган. Исонинг номи тилга олинганда ёвуз руҳларнинг бўйсуниши, касалликларнинг чекиниши шогирдларнинг ҳайратлантириб, имонларини кучайтирган. Бундан ғайратланган шогирдлар Худо йўлида янада самарали хизмат қилишга астойдил бел боғлаганлар. Сиз ҳам шундай қилинг ва Худонинг мўъжизавий ишининг гувоҳи бўласиз. www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бажонудил бу ҳақида маълумот беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top