Нарратор 1 Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Илёс пайғамбар малика Изабелнинг таъқибидан қочиб, тоққа чиққан жойи мени жуда таъсирлантиради. Бу жойда Худо унинг заифлигига қарамай, уни тинчлантирди. Уни овқатлантирди, мулойимлик билан сўзлади. Ўзининг қандайлигини билдирди. Ëки бўлмаса Мусо пайғамбарнинг тоғда узоқ қолиб кетиб, Худонинг улуғворлигини кўрганини ёдингизга келтиринг. У Синай тоғида Худони кўрган эди. Исо ҳам тоққа чиқиб Отаси билан вақт ўтказиш учун шогирдларидан Петрни, Ëқуб ва Юҳаннони Ўзи билан олди. Шогирдлар ҳеч қачон тоғда уларни нима кутаётганини ҳаёлига ҳам келтиришмаган эди. Исо Масиҳнинг кийимлари порлаб турганини кўргач, «Яхшиям Устоз билан бирга тоққа чиқибмиз. Бу нарса тоққа чиқишимизга арзийди» — деган бўлсалар керак.
Нарратор 2 Худо бизни ҳам тоққа чиқишга чақиради. Ҳаётимизда юқорига қараб интилар эканмиз, йўлимизда бўш турган тошлар, сирпанчиқ тепаликлар учраб туради. Аммо уларга қарамай, тоғнинг тепасига, бизни кутиб турган манзилга кўз тикиб, тоққа чиқишда давом этсак, биз ҳам Мусо, Илёс ва шогирдлар каби Худони кўрамиз. Бу нарса ҳаётда шунча қийналиб, Худонинг ишларини ўйлашга ўрганганимизга, шайтон устидан ғалаба қилиш одатини ўзлаштириб олишимизга, ўзлигимиздан кечиб, Масиҳга эргашишимизга арзишини англаймиз. Биз ҳаётимизнинг тоғига чиқиб борар эканмиз йўлимиздан оғишмасликка, қийинчиликларни Худога бериб У билан бирга ҳал қилишга, инсоний фикрлардан воз кечишга тайёр бўлишимиз керак. Акс ҳолда тоққа чиқолмаймиз, Худонинг мунаввар юзини кўришга муяссар бўлолмаймиз.
Нарратор 1 Исо Масиҳнинг тўфонни тинчлантирган пайтидаги шогирдларнинг саволи ёдингиздами? «Улар эса жуда қўрқиб донг қотиб қолишди. – Ким экан У? Мана шамоллар ва сувларга ҳам буюради, улар эса Унга бўйсунади! – дейишди бир-бирига» (Лука 8:25). Айнан мана шу воқеа юз берганидан бир неча кун ўтиб, Исо Петр, Ëқуб ва Юҳаннони тоққа ибодат қилишга олиб чиқди. У ибодат қилаётганида, юзининг кўриниши ўзгариб, кийимлари яшиндай оқ бир тусда ярқираб кетди. Шу онда нур ёғилиб турган икки зот – Мусо ва Илёс пайғамбарлар пайдо бўлиб, Исо билан гапга тушдилар. Улар Исонинг яқинда Қуддусга бориб оламдан ўтиши тўғрисида суҳбатлашар эдилар. Бу пайтда эса шогирдларни уйқу элтган эди. Албатта-да, тоққа чиқиш осон бўлмаган, жуда чарчашгани аниқ. Шунинг учун ҳам ухлашдан ўзларини тийиб туролмадилар.
Нарратор 2 Бироқ Худо уларнинг ажойиб бир манзарани кўрмай қолишларини истамасди. Шунинг учун ҳам уларни уйқудан уйғотди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Қўққисдан уйғонишиб, нурли Исони ва У билан бирга турган икки зотни кўрдилар» (Лука 9:32).
Шогирдлар уйқудан уйғониб нимани кўрди? Исо Масиҳнинг улуғворлигини. Қачон охирги марта Худонинг улуғворлигини кўргансиз? У билан яқин бўлганингизда, Унинг ҳаётингизда мўъжизакор ишлаганида. Шундай пайтларда яна ўз-ўзингиздан сўрайсиз: «Бу қандай Зот?». Шундай пайтларда Исонинг Ўзи бизга улуғворлигини кўрсатишни маъқул кўради. Исо Масиҳнинг улуғворлигини кўрган биз имонлилар ҳам ўзгариб кетамиз. У билан бирга қийинчиликларни енгиб тоққа чиқишда давом этинг. Бу шунга арзийди. Худо ҳаётингизда қандай ишлайди? Сизнинг Худо олдидаги ўрнингиз қанақа? Бу саволларга фақат бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиздан жавоб топасиз.