MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Обигайл. Бу исмнинг маъноси нима экан?! Қандай маънога эга бўлганини билмадим-у, аммо исмнинг ўзи чиройли жаранглайди. Маъноси ҳам шундай чиройли бўлса керак. Бу аёлнинг ўзи ҳам чиройли ва ақл-фаросатли бўлган. У жуда тадбирли, художўй ва Довуд ҳақида кўп нарсани биладиган аёл эди. Аслида фақат биргина Обигайл эмас, Исроил халқининг кўпчилиги Довуднинг келгусида шоҳ бўлишини таҳмин қиларди. Аммо Обигайл муаммоли вазиятда икки кишига эри Новол ва Довудга яхшилик қилди. Қандай қилиб дейсизми? Довуд Новолдан ёрдам сўраб одамларини жўнатгач, Новол уларни жуда ёмон кутиб олди ва ёрдам беришдан бош тортди. Довуднинг жаҳли чиқиб, Новол хонадонини қириб юбориш учун йўлга отланди. Бундан сўнг нима бўлганини Муқаддас Калом бизга баён эгади.

Нарратор 2 «Новолнинг хизматкорларидан бири унинг хотини Обигайлга деди: — Довуд хўжайинимиз Новолга салом йўллаб, даштдан хабарчилар чўнатган экан, лекин Новол уларни ҳақорат қилди. У одамлар эса бизга кўп яхши муносабатда бўлишган эди. Ҳар доим даштда улар билан қолган пайтларимизда бизни хафа қилишмасди, бирор нарсамиз ҳам йўқолмасди. Бизни доимо ҳимоя қилишарди. Энди нима қилишни ўзингиз яхшилаб ўйланг, чунки хўжайинимиз ва бутун хонадоннинг бошига фалокат хавф солиб турибди.» Бу гапларни эшитгач Обигайл икки юзта нон, икки меш шароб, бешта қўйнинг пиширилган гўштини, икки тоғора қовурилган буғдой, юз ҳовуч майиз, юз ҳовуч анжир қоқи олиб эшакларга юклади ва йўлга тушди. Довуднинг ёнига келгач эса эшакдан тушиб, унга таъзим қилди. У жуда маданиятли ва фаросатли аёл эди. Шунинг учун ҳам Довудга худди шоҳга мурожаат қилгандай мурожаат қилди.

Нарратор 1 «Тўрам, ижозат беринг, бу чўрингиз сизга бир оғиз гап айтсин. Ўша баттол Новолга эътибор бермасинлар. Мен сиз юборган одамларни кўрмабман. Энди, тўрам Эгамиз сизнинг қон тўкишингизга, ўз қўлингиз билан қасос олмоғингизга изн бермаган. Худо шоҳид! Тўғрисини айтай, ғанимларингиз, қолаверса тўрамга қасд қилган ҳамманинг бошига Новолнинг куни тушсин. Бу чўрингизнинг гуноҳидан ўтинг. Эгамиз албатта хонадонингизни мустаҳкам қилади, чунки тўрам Эгамиз учун жанг қилаяпти. Эгамиз тўрамга ваъда қилган барча эзгуликларни бажо келтириб, сизни Исроилнинг йўлбошчиси қиладиган кун келади, албатта. Ўшанда ўзим учун ўч олиб, беҳудага қон тўкибман, деб пушаймон бўлмагайсиз.» Унинг бу гаплари Довудни ҳайрон қолдирди. Умри бино бўлиб, бундай ақлли ва жасоратли аёлни кўрмаган эди.

Нарратор 2 У эри Новолнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга, Довудга Новолни ўлдириб, хато иш қилиши мумкинлигини огоҳлантираяпти. Довуднинг одамлари Новолнинг олдига келганида, хотини Обигайл эрининг олдида бўлмаган кўринади, акс ҳолда эрини тўғри йўлга бошлар ва керакли маслаҳатни берган бўларди. Шунда Довуд билан Новол ўртасидаги кўнгилсизлик ҳам бўлмасди. Нима бўлганда ҳам, Обигайлнинг ажойиб аёл бўлганини кўришимиз мумкин. У жуда ҳушмуомалалик билан эри ва ўзининг гуноҳидан ўтишини сўраб, шу билан бирга Довудни гуноҳ иш қилмасликка ундаяпти. Жаҳл келганда ақлсизлик билан қилинган қарор ёмон оқибатларга олиб келишини жуда чиройли тарзда очиб бера олган. Ундан ташқари Довудга Худо учун хизмат қилаётганини эслатиб қўйди. Бундай аёлдан ўрнак олсак арзийди. Қадрли тингловчи, сизни Худо билан яқин муносабатда бўлган шахслар ҳаёти қизиқтирса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга ёрдам беришга тайёр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top