3:15

Қуритилган сут нима?

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Сутни одамлар қачондан бери истеъмол қилишади? Манбааларда кўрсатилишича, инсонлар эрамиздан аввалги 3-4 мингинчи йилларда ҳам сутдан фойдаланишган. Нафақат фойдаланишган, қадимда сутдан пишлоқ тайёрлашни ҳам билишган. Тарихчилар пишлоқнинг ватани Яқин Шарқ деб ҳисоблайдилар. Бадавийлар қўй ошқозонидан бўлган тери халталардан сут ташишда фойдаланишган. Сутнинг чайқалиши, иссиқ ва ферментлар натижасида сут пишлоққа айланиб қолган. Баъзи халқлар эса бу пишлоқларни ер остига кўмиб сақлашган. Хуллас сутни қадимдан севиб истеъмол қилиб келишган.

Инсоннинг тез-тез сут ичиб, сут маҳсулотларидан баҳраманд бўлиши, саломатлиги учун кони фойда. Табиий сут ололмагач, дўкондаги қуруқ сутдан ёки бўлмаса, қутиларда сотилаётган сутдан сотиб олишингизга тўғри келади.

Narrator 2 Баъзилар қуруқ сутнинг ва консерваланган сутнинг фойдаси борасида шубҳага борадилар. Уларнинг шубҳалари тўғри ёки нотўғри эканини суҳбатимизни тинглаб билиб оласиз.

Болалигимиздан сут жуда фойдали, таркибида эса инсон организми учун керакли бўлган витаминлар мавжудлигини яхши биламиз. Бироқ айримлар сут фақат болалар учун фойдали, кексаларнинг организми сутдаги лактозани қийинлик билан парчалайди ва ошқозон фаолиятининг бузилишига олиб келади, дейишади. Аслида сут ҳар бир ёшдаги инсон учун фойдали. Инсоннинг лактозани ҳазм қила олмаслиги ёшига эмас, генетикасига боғлиқ. Агар сиз болаликдан сутни яхши кўрсангиз, ундан юз ўгирманг. Неча ёшда бўлишингиздан қатъий назар истеъмол қилаверинг.

Narrator 1 Тиббиётчиларнинг фикрича, юрак ва қон-томир касаллигига чалинганлар учун сут фойдали. Ахир сутда қон-томирлари ва юрак фаолиятини яхшилайдиган калий мавжуд.

Энди яна қуруқ сутга қайтсак. Оқ рангдаги бу кукун қуюлтирилган сутдан тайёрланар экан. Узоқ муддат қайнаган сут қуюлтирилади ва қотирилади. Кейин кукун ҳолига келгунча майдаланади. Истеъмолдан олдин эса кукун иссиқ сувда аралаштирилади. Айнан шу кукун болалар озуқасида ишлатилади ва витаминлар билан бойитилади. Қуруқ сут узоқ муддат сақланиши учун вакуум идишларга солинади ёки инерт газдан фойдаланилади.

Юқорида айтганимиздек қуруқ сутни болалар озуқасига ишлатишади. Демак-ки, уни зарарли дея олмаймиз. Албатта табиий сутга етадигани йўқ. Имконингиз бўлса, табиий сут истеъмол қилган маъқул.

Narrator 2 Табиий сутда витаминлар миқтори юқори, таъми ҳам ўзгача, фойдаси ҳам беқиёс. Табиий сутни сотиб олишда ҳам сифатига эътибор қаратиш керак. Тоза мол сути қуюқ бўлади. Уни идишдан бўшатганингизда идишда сутнинг қуюқ оқ изи қолади. Хуллас соғлом ҳаёт кечиришни истасангиз, ҳар куни сут ва сут маҳсулотларидан танаввул қилиб туринг. Табиий сут топа олмай қолганингизда, қуруқ сут сизга ёрдамга келади. Сиз бу сутни нафақат пишириқларга, балки ундан кефир ва творог ҳам тайёрлашингиз мумкин. Айтганча, ҳамма севиб истеъмол қиладиган музқаймоқ ҳам қуруқ сутдан тайёрланишини биласизми? Азизлар бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга турли хил мавзуларда маълумот беришга тайёр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top