Narrator 1 Ассалому алайкум. Исроил халқи орасида Манаше уруғидан бўлган Золофход деган киши бор эди. Бир куни у вафот этди. Залафходнинг ўғли йўқ бўлиб, фақат Махло, Нуваҳ, Хўглах, Милхо ва Тирза деган қизлари бор эди. Залофход Юсуфнинг ўғли Манашенинг чевараси эди. Бироқ саҳрода қилган гуноҳи туфайли, йўлда ҳалок бўлди. Бир куни Худованд Мусога: «Ерни қабилаларга одамларнинг сонига кўра мулк қилиб бўлиб бер. Катта қабилага каттароқ улуш, кичикроқ қабилага кичикроқ улуш бер. Ҳар бир қабилага рўйхатга олинган одамларнинг сонига қараб улуш берилсин» — деб буйруқ берди. Ҳамма ерлар тақсимланаётганда, бир куни Мусонинг олдига Залафходнинг қизлари келиб шундай деди:
Narrator 2 «- Отамиз саҳрода вафот этди. У Эгамизга қарши йиғилган Кўрахнинг тўдасига шерик бўлмаган, ўз гуноҳи туфайли оламдан ўтди. Отамизнинг ўғли йўқ. Ўғли бўлмагани учун отамизнинг номи уруғи орасидан ўчиб кетиши керакми? Бизга ҳам амакиларимиз қатори ерни мулк қилиб беринглар». Мусо аввал бундай воқеага дуч келмаган бўлса керак. Нима қилишни билмай қолганди. Шунда Худога ибодат қилиб, уларнинг талабини Худога айтди. Худо унга қандай жавоб берди? «- Залафходнинг қизлари ҳақ гапни айтишяпти. Уларга албатта амакилари қатори ерни мулк қилиб беринглар. Отасининг улуши қизларга берилсин. Исроил халқига ҳам шундай деб уқтир. Агар брор киши вафот этса-ю, ўғли бўлмаса, унинг мулки қизига қолсин.» Залафходнинг қизлари бу муаммони жуда донолик билан ҳал қилишди. Улар чиндан ҳам оталарининг ўрнига ер олиш ҳуқуқига эга эдилар. Ўша пайтларда аёл киши эркак киши каби бирор бир мулк эгаси бўлишга ҳақли эмас эди.
Narrator 1 Аммо оиласида эркак киши бўлмагач, отасига бериладиган улуш, қизларига берилиши лозим эди. Худо бу халқни бошқариб кетаётган экан, бу масалани Худо ҳал қилиб берсин, деган ниятда улар Мусонинг олдига келишди. Уларнинг бу масаласини чиндан ҳам Худо ҳал қилиб берди. Мусонинг ўзи, уларнинг ишларини ҳал қила олмасди. Балки оқсоқоллар, Исроил халқи катталари орасида, уларга мулк берилишига қарши бўлганлар кўп бўлгандир?! Аммо Золофходнинг қизлари уларнинг қаршиликларига қарамай, муаммоларига Худодан жавоб олишни истаб келишди. Уларнинг муаммосини Худо ҳал қилиб берди. Худо ҳеч кимга ноҳақлик қилинишини истамайди. Агар бизнинг ҳам муаммомиз бўлса, уни тўғридан-тўғри Худонинг олдига олиб борайлик.
Narrator 2 Баъзан ҳаётимизда пайдо бўлган муаммоларга ўзимиз ёки бошқа бир имонли кишилар ҳам жавоб топиб беролмаслиги мумкин. Шундай ҳолатда Золофходнинг қизларидан ўрнак олиб, Худонинг олдига боринг. Золофходнинг қизлари Мусонинг олдига бориб, Мусо бу ишни ҳал қилгунча, Худога ибодат қилиб, ундан жавоб олгунча, сабр билан кутган эдилар. Биз ҳам муаммомизни Худога топшириб, Худо уни ҳал қилгунча сабр қилайлик. Худо албатта ибодатимизга жавоб беради. Қўлимиздан келмайдиган ишни ҳал қилишга ёрдам беради. Баъзан ўзимизга тегишли нарсани ҳам талаб қилишга ийманамиз. Уни талаб қилмай, қуруқ қолган пайтларимиз ҳам бўлгандир. Бироқ ўзимизга тегишли бўлган нарсани талаб қилиш, нотўғри эмас. Бироқ ишга киришишдан олдин, Худога мурожаат қилинг, токи қилган ишингиз Худонинг олдида маъқул бўлсин.