Narrator 1 Ассалому алайкум қадрли ота-оналар. Ўтган сафар оила ва уй фарзанд учун ҳақиқий билим ўчоғи, илҳом манбаи бўлиши кераклиги ҳақида суҳбатлашган эдик. Табиийки ота-она фарзандининг биринчи устозлари саналади. Худо бизларга фарзандларимизга руҳий ва илмий таълим беришимизни истар экан, биздан ҳеч қандай диплом ёки сертификат талаб қилмайди. Бунинг учун У биздан тажриба ёки қобилиятни ҳам талаб қилмайди. Аммо Худонинг Ўз мактаби ва ўқув дастури бор. Бу мактабда энг аввало ота-оналар «ўқувчи», «издош» ва « хизматчи» бўлишлари керак. Худо сиздан мукаммалликни талаб қилмайди. Бироқ У ўқувчилари астойдил қадамба-қадам итоаткорлик билан Унинг иродасини бажаришларини кутади. Худо ота-оналар ўз фарзандларига бирор нима ўргатишдан олдин бирор бир руҳий даражани эгаллашларини талаб қилмайди.
Narrator 2 Аксинча, фарзандларимизга ўргата туриб, ўзимиз Худонинг иродасига итоат қилишни ўрганамиз. Биз тинимсиз ўрганамиз ва ўргатамиз. Ҳеч бир ота-она ҳеч қачон, «Бўлди, мен ҳамма нарсани ўрганиб ва фарзандимга ўргатиб бўлдим», — деб айтолмайди. Худо иродасини билиш ва унга итоат қилиш йўлидаги ўқиш ва ўргатиш бир-бири билан узвий боғлиқ. Кўпинча ота-оналарнинг «Каникул тезроқ тугаб, ўқишларинг бошлансайди. Қулоғим тинчирди», -деган сўзларини эшитамиз. Балки сиз ҳам шундай дегандирсиз?! Болалар бу гап орқали ўзларининг нақадар ота-онасининг жонига текканини сезишади. Севимли эмаслигини англашади. Агар аксинча бўлса-чи? Ота-она: «Таътил яна бироз чўзилсайди, сен билан кўпроқ бирга бўлардик. Мактаб бошланса кўп вақтинг мактабда ўтади», — деган сўзларни ишлатса, бола ўзининг нақадар севимли эканини ҳис қилади ва бир умр бу сўзлар ёдида қолади.
Narrator 1 Ота-она фарзандларига келажакда нима қолдиради? Мол-давлатми, билимми ёки аччиқ хотираларми? Худо биздан уларга нима қолдиришимизни истайди? Биз фарзандларимизнинг онгига қандай фикрларни сингдирамиз? Биз фарзандларимиз биз ҳақимизда нима дейишларини истаймиз? Худога шукрки, У бизга аллақачон фарзандларимизга биринчи ўринда нимани ўргатишимизни айтиб бўлган. Худо ота-оналарга Худойимиз қандай эканлигини айтиб беришни, Худо ҳаёт ҳақида нима дейишини ўргатган. Биз эса буни фарзандларимизга ўргатамиз. Нима учун? Фарзандларимиз Худонинг йўлида фаровон ва узоқ умр кўришлари учун. Худо биз ота-оналарга бир-биримизга қандай муносабатда бўлишни айтган.
Narrator 2 Шунинг учун ҳам фарзандларимизга бошқаларга, бир-бирларига қандай муносабатда бўлиши кераклигини ўргата оламиз. Бошқаларга нисбатан бағрикенг, олийжаноб, меҳрибон ва кечиримли бўлишни ўргатамиз. Худо биздан бошқаларни кечиришимизни истайди, шунинг учун ҳам У бизни кечирган. Оилада келишмовчиликлар бўлади, улардан қочиб бўлмайди, лекин шу келишмовчиликлар орқали фарзандларимизга келишмовчиликни қандай ҳал қилишни ўргатишимиз мумкин. Қадрли тингловчилар, ота-оналар фарзандингиз келажакда имонли ва машҳур киши бўлиб етишишини истасангиз, бугундан унинг руҳий билим олиши учун ўз ҳиссангизни қўшинг. Маслаҳат лозим бўлса, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга мурожаат қилинг. Биз сизга ёрдам беришдан мамнунмиз.