Narrator 1 Ассалому алайкум. Сиз Муқаддас Каломдаги йўқолган қўзичоқ ҳақидаги ҳикояни жуда яхши биласиз. Чўпон йўқолган қўзичоқни топмагунча тиним билмайди ва охири топади. Бу ҳикоя гуноҳ йўлида адашиб, Худодан узоқлашган, аммо охир оқибат ўз чўпонига қайтиб келган инсон ҳақида ёзилган. Бугунги ҳикоямиз бир йигитнинг бошидан кечиргани ва ҳаққоний гувоҳлигидир.
«Мен кичиклигимдан турли хил ҳикоялар эшитишни ёқтирардим. Онам жуда ажойиб аёл. У менга ҳар доим бир хил ҳикоялар айтишдан қочиб, Инжилдаги ҳикоялардан ва баъзида уларни ўзгартириб, бироқ охири айнан шундай яхши якун топадиган қилиб ҳикоялар тўқиб айтиб берарди. Мен Каломдаги йўқолган қўзичоқ ҳикоясини турли хил кўринишда эшитганман. Онам менга қизиқ бўлсин деб, ҳар-хил қўзичоқлар ҳақида эртак тўқирди.
Narrator 2 Бир куни ота-онам билан бошқа мамлакатга саёҳатга бордик. Отам ўз ишлари билан кетди. Биз эса онам билан дўкон айланишга чиқдик. Онам билан кўп нарсалар ҳарид қилдик. Кейин эса бир тўда болакайлар ва бир нечта катталар тўпланишиб турган дўконга кўзим тушди. Қарасам, турли хил ширинликлар сотилаётган экан. Онамдан ўзим бориб ширинлик сотиб олишга рухсат сўрадим. Онам рухсат берди. Ўшанда мен олти ёшда эдим. Ширинликни олиб, шошганимдан нотўғри йўналиш томонга қараб кетиб қолибман. Онамнинг қаердалигини, қайси томонга қараб кетаётганимни билмайман. Бир пайт қаршимдан бир аёл чиқиб қолди. Мен маҳаллий аҳоли тилини билмасам ҳам, унга ўз тилимда йўқолиб қолганимни тушунтирдим. Онамни топиб беришини сўрадим. У аёл эса елка қисиб, йўлида давом этди.
Narrator 1 Мен ўтириб, йиғладим. Кейин эса онам сўзлаб берган Яхши чўпон ёдимга тушиб, ичимда Ундан ёрдам сўрадим. Қалбимда ҳотиржамлик пайдо бўлди. Яна йўлда давом этдим. Кейинги учраган йўловчи амакидан, уйимга олиб бориб қўйишини илтимос қилдим. У менинг тилимни тушундими йўқми билмадиму, ҳар ҳолда мени етаклаб қарама-қарши томонга бошлади. Ширинлик сотиб олган дўконимни узоқдан таниб, ойимни қидира бошладим. Ойим ҳам ундан сал нарироқда одамлардан мени суриштираётган экан. Мени олиб келган амаки ойимга мени топширди. Ойимнинг қўрққани ва ташвишлангани юз-кўзидан билиниб турарди. Биз амакига раҳмат айтдик, у тилимизни тушунмайди шекилли, бош ирғиб табассум қилиб кетди. Ойим мени бағрига босиб йиғлади. Мен эса Яхши чўпондан миннатдор эдим.
Narrator 2 Ойимнинг Худо ҳақидаги ҳикоялари кичик бўлсам ҳам хотирамда яхши сақланган, Унга бўлган ишончимни кўпайтирган экан. Ўшанда бўлиб ўтган воқеа эса, Яхши Чўпонга бўлган ишончимни яна ҳам кучайтирди. Ойим Мендан қандай қилиб йўлни яна топиб келганимни суриштирди. Мен эса бўлиб ўтган воқеани ва дилимдан кечганларини онамга гапириб бердим. Ойим хурсандчиликдан йиғларди. Кейин эса уйга қайтиб биргалашиб Яхши Чўпонга рахмат айтдик. Ўшанда ёш бола эдим. Онамнинг ҳолатини яхши тушунмаганман, бироқ ҳозир ўзим ҳам отаман. Болам ҳали жуда кичик, аммо уни йўқотиб қўйишдан қўрқаман. Йўқотиб қўйсам, қандай аҳволга тушишимни тасаввур қиламан. Ойимнинг ҳикояларини тинглаб улғайганим учун, фарзандимга мен ҳам ҳар куни кечқурун ойимдан эшитган ҳикояларимни айтиб бераман. »