3:19

Ҳали вақти эмасди

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугунги тинглайдиган гувоҳлигингизни эшитганимда Худонинг қудратидан ҳайратландим. Худо биз учун белгилаган вақт соати келмаса, инсон зоти бизни ўлдира олмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Бу гувоҳликни имкон қадар аслидагидек айтиб беришга ҳаракат қиламиз. Бу ҳурматли инсон ўз гувоҳлигини шундай бошлайди, “Мен Ҳиндистоннинг жанубий штатларидан бирида яшайман. Бугун имонли ва Худонинг фарзанди эканимни нафақат ўзимнинг штатимдагилар, балки яқин атрофдаги штатларда ҳам билишади. Бунга ҳаётимдаги энг оғир аммо Худони улуғлайдиган бир воқеа сабаб бўлган. Мен Худодан хушхабар айтиш чақириғини олганимдан буён бу вазифани ўзимнинг бурчим деб биламан. Имонга келганимдан сўнг, дарҳол оиламдагиларга, қишлоқдошларимга, хуллас учраган одамга хушхабар айтишни бошладим.

Narrator 2 Менинг бу ҳаракатим қишлоқдаги мусулмонларнинг ғазабини қўзғатди. Улар бир куни кечқурун уйимга келиб, мени калтаклаб, чалажон қилиб кетишди. Улар кетганидан сўнг оилам мени касалхонага олиб борди. Бу ерга тушишим Худонинг иродаси эканини ҳис қилдим. Касалхонада ҳам умидсиз беморларга умид бердим. Улар билмаган Нажоткор ҳақида сўзладим. Бир нечта беъмор Худонинг ўзлари учун берилган Қурбонлигини қабул қилишди. Уйга қайтгач, хушхабарчилик фаолиятимни яна давом эттирдим. Энди велосипедимни миниб қўшни қишлоқларга ҳам хушхабар айтишга қарор қилдим. Бундан қўшни қишлоқдаги баъзиларнинг қони қайнади. Ўн киши мени ўлдиришга келишиб олишибди. Бир куни кечки пайт уйимга қайтаётганимда, ўроқ, кетмон ва таёқлар билан қуролланган ўн киши атрофимни ўраб олди. Афсуски, атрофда менга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди.

Narrator 1 Улар яқинлашиб келар экан, Худога ибодат қилдим. “Худойим, агар мен шу ҳолатда ўлишимни истасанг, буни қабул қиламан ва танавий оғриқларимга қарамай, хурсанд бўлиб Сенинг ҳузурингга кетаман.” Уларнинг кўзлари қонга тўлган эди. Ҳаммани динидан чиқараяпсан, деб бирин кетин менга ўроқлар ва кетмонлар билан ҳамла қилишди. Мен ўзимни қутқара олмадим. Улар шафқатсизларча мени сўйишарди. Танамнинг соғ жойи деярли қолмади. Бир пайт улардан бири учли ўроғини бошимга санчди. Мен хушимни йўқотдим. Ўлаётганимни ҳис қилдим. Руҳим танамни тарк этиб, Худо мен учун ҳозирлаган хонада Худонинг бошқа фарзандлари билан бирга оппоқ кийимда дастурхон олдида пайдо бўлдим. Жуда ҳотиржам ва хурсанд эдим. Ахир Худонинг олдидаман. Аммо Исо Масиҳ оппоқ кийимда нур сочиб менга яқинлашиб, “Ҳозир сенинг вақтинг эмас. Ортингга қайт”, деди.

Narrator 2 Ортга қайтишни истамасдим. Бироқ ўзимга келганимда яна касалхонада эдим. Кейин сўзлаб беришларича, ўн киши мени ўлдиргач, қабристон четига кўмиб кетишибди. Эрта тонгда ўша ердан ўтиб кетаётган фермер қабрдан қўлим чиқиб қолганини кўриб, ўлмаганимни билибди. Сўнг кавлаб олиб, касалхонага келтирибди. Мени бир нечта жойимдан операция қилишди. Докторлар ҳам бундай воқеадан ажабланишибди. Хуллас, бир ой шифохонада ётдим. Худованд аста секин яраларимга шифо берди. Миямни ҳам жигарим ва бошқа аъзоларимни ҳам сақлаб қолишди. Мен ҳақимда гап кетса, “Бу мўъжизадан бошқа нарса эмас”, дейишарди докторлар. Менга ҳужум қилганларнинг бештаси келиб мендан кечирим сўраб, Исо Масиҳни ўз Нажоткори деб қабул қилди. Қолган бештасининг ҳаёти дўзахга айланди. Улар қилган ишлари учун азоб чекиш билан тўлов тўлаяптилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top