Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали бўлсада сизлар билан соғ омон учрашганимиздан беҳад хурсандмиз.
Азизлар, келинг, бугун ҳам мавзумизни, ўзбекча айтганда, бола “чақа” мавзусига бағишласак. Кўпчилигимизга яхши маълумки, болаларнинг илк ҳаёти ҳали онасини қорнида бўлганида бошланади.
Бу дегани, бола ўз онаси билан бир танада бир одамдек ҳаёт кечириб боради. Бола ёруғ дунёга келганида ҳам ўз онасига жуда боғлиқ бўлади. Она асосан ўз боласининг ҳимоячиси ва озиқ овқат билан таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади.
Орадан вақт ўтиб бораркан, бола ҳам англаб етадики, она алоҳида бошқа бир инсонлигини. Бу ҳолат айрим пайтларда болага унчалик ёқмаслиги ҳам мумкин. Ахир бола ўз ақлини танигунча ўз онасига шунчалик боғланиб қоладики, онани бир зум кўрмаса йиғлаб, уни ўз ёнига чақиришга ҳаракат қилади.
Энди шу жойда отанинг вазифаси ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтсак. Агар ота ўз фарзандига ҳали чақалоқлик пайтидан бошлаб ўз меҳрини бермас экан, ота бола учун гўёки бир ҳайкал симон инсонга айланиб қолиши мумкин.
Шунинг учун ҳам ота онанинг ҳар бирини ўз фарзандлари учун алоҳида меҳри таълаб этилади. Охирги бир неча йиллар давомида шуни кўришимиз мумкинки, оталар ҳам ўз фарзандларига борган сари яқинроқ бўлиб боришмоқда. Албатта, бу қувонарли ҳолат.
Истардикки, мана шу болаларга бўлган яқинлик, меҳрибонлик болалар ўзларининг мустақил ҳаётларини бошлагунга қадар давом этишини. Ҳар биримиз яхши биламиз, болалар ота она учун доимо фарзанд бўлиб қолади. Бундай ҳолат айниқса бизнинг миллатимизда кўпроқ кузатилади.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, ким кўпроқ болага ўз меҳрини берса ҳамда бола билан кўпроқ вақт ўтқазса, бола борган сари шу инсонга боғланиб боради. Боланинг ёшлигида ота оналардан кимдир унинг мурғак юрагига ботадиган иш қилсалар, ҳатто ўз сўзлари билан изҳор этсалар, бир умр бола буни ёдидан чиқара олмайди.
Азиз биродарлар, бола тарбияси ҳар биримиз учун унчалик осон бўлмаган ишдир. Шу билан бирга Худо томонидан ҳар биримизга берилган ажойиб хизмат ҳам деб айтишимиз мумкин.
Худованд берган ушбу хизматни ким қанчалик даражада бажариши эса ҳар бир ота онанинг ўзига боғлиқдир. Азиз биродарлар, ўз фикрларингизни бизнинг dilkash@najot.com электрон манзилимизга жўнатишингиз мумкин. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз ота оналар.