Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Хонадонингизга тинчлик ва барака бўлсин! Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агар болаларимиз ўзларини тутишни билмасалар, нима қилишимиз керак? Бугунги эшиттиришимиз айнан шу мавзуда бўлади. Албатта, ўзини тутишни билмаган болаларни кўпчилигимиз жазолашга ҳаракат қиламиз. Болаларни жазолаш мавзусида сиз, азизлар билан кўп марта суҳбатлашганмиз.
Агар болаларимизнинг ёши тахминан етти ёшдан ўн икки ёшгача бўлса, уларни калтаклаш унчалик тўғри келмаслигини яхши биламиз. Чунки ушбу ёшдаги болалар, биз ўйлаганчалик, ёш бола эмаслар. Албатта, уларни калтаклаш мумкин, лекин бу ёшдаги болалар калтакни унчалик катта жазо деб билмайдилар. Бундан ташқари, калтак уларда унчалик оғриқни сездирмайди десак ҳам бўлади. Агар ҳеч нарсага эътибор бермай калтакласангиз, болалар ўзига яраша қаршилик эълон қилишга, ўзларини қаршиликларини кўрсатишга уриниб кўради.
Улар бориб бориб ўзларининг ота онасидан ҳам кўнгли совиб қолиши мумкин. Шунинг учун, азиз биродарлар, болаларни тарбиялаш игна билан қудуқ қазишга тенг, деб айтишимиз мумкин. Болани доимо калтаклаб жазолаш — уни шахсини камситишдир. Ҳар ҳолда бола ўзини шундай деб билади. Демак калтаклаш мумкин бўлмаса, нима қилиш мумкин? Ўйлайманки, болани жазолашдан олдин унга яраша қандай жазо тури тўғри келишини ўйлаб кўришимиз керак. Кўпчилик ота оналар ўйлайдики, болаларни жазолашни фақатгина бир усули бор деб. Бу усул зудлик билан калтаклаш.
Ҳар доим болани калтаклаш ва шу орқали ўзига бўйсундириш, болани ўзининг ота онасидан узоқлаштиради. Албатта, жазолашдан аввал ўзингизни контрол қилишга ва жаҳлингизни босиб олишга ҳаракат қилинг. Инсон жаҳл устида ўзи ўйламаган ишларни ҳам қилиб қўйиши мумкин. Қачонки ҳотиржам бўлсангиз, шундагина бола билан суҳбатлашиб кўринг. Нима сабабдан болангиз ўзини ёмон тутишини сабабларини билишга ҳаракат қилинг. Агар мен ўз шахсий тажрибамдан айтадиган бўлсам, болалар учун энг таъсирли жазо бу — уларни энг яхши кўрган машғулотларидан бир қанча вақтга маҳрум қилишдир. Мана шу жазо кўпинча болалар учун яхши таъсир қилади.
Агар ўз фарзандингизни севиб, уни келажакда Худо истагандек инсон бўлиб ўсишини хоҳласангиз, доимо болангиз учун ибодат қилинг. Кўпинча кечиримли бўлишга ҳаракат қилинг. Чунки Худованднинг Ўзи биз гуноҳкор инсонларга нисбатан кечиримлидир. Кечиримли бўлиш билан бирга бир оз қаттиққўллик ҳам зарар қилмайди. Агар бола ўз ота онасида севги ва кечиримни кўрса, келажакда у ҳам худди шундай инсон бўлади. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимизга якун ясасакда, сиз азизларга, ўзимизнинг интернетдаги сайтимиз манзилини эслатиб ўтсам. Марҳамат, эслаб қолинг: www.najot.com Азизлар, сизга ушбу маъсулиятли хизматда сабр тоқат тилаган ҳолда хайр, саломат бўлинглар, деб қоламиз.