3:11

Уй гуруҳлари 49

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли биродарлар. Яна сизлар билан радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга шон-шарафлар бўлсин. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тингланг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, яна кичик уй жамоатлари гуруҳлари ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Кўпчилик имонли биродарларимиз ўзларининг кичик уй гуруҳлари бўлишини истайдилар. Лекин уй гуруҳларини қандай ташкил қилишни улар ҳар доим ҳам билавермайдилар. Шунинг учун ҳам кўплаб биродарларимизнинг ушбу орзулари орзулигича қолиб кетаверади.

Ўйлайманки, бугунги эшиттиришимиздан сўнг кўпчилик биродарларимиз кичик уй гуруҳларини қандай қилиб ташкил қилишни ўрганиб оладилар. Янги уй гуруҳларини турли усуллар билан ташкил қилиш мумкин. Азизлар, қуйида ушбу усуллардан айримларини сизнинг эътиборингизга ҳавола қилиб ўтмоқчиман. Биринчиси: имонлилардан кимдир аввалом бор ўзининг яқинларига ўз имони ҳақида гапириб беради. Шундан кейин, албатта, у инсонга Хушхабар ҳам етқазиш мумкин. Хушхабар эшитган одам эса ўз навбатида бошқаларга гапиради ва улар кейинчалик биргаликда учрашиб бир-бирлари учун ибодат қилишади.

Шундай қилиб, битта кичик гуруҳ ташкил бўлади. Иккинчиси эса: гуруҳларни кўпайтириш мақсадида битта катта гуруҳ икки ёки учга бўлинади. Шундай қилиб, битта гуруҳ ўрнида икки-учта гуруҳ пайдо бўлиши мумкин. Албатта, ушбу гуруҳларни кимдир ўстириши керак. Учинчиси: албатта, ушбу таклифимиз бироз мушкулроқ бўлиши мумкин. Имонли биродарлар бошқа жойларга бориб Хушхабар етқазадилар. Шу орқали жойларда гуруҳлар пайдо бўлади. Охирги тўртинчи таклифимиз эса шундан иборат бўлади: бирон-бир имонли биродар икки ёки учта қизиққан кишилар билан биргаликда Муқаддас каломни ўрганиши мумкин. Улар билан биргаликда, айниқса уларнинг ҳаётидаги муаммолар учун ибодат қилишлари мумкин.

Орадан вақт ўтиши билан Худо шу инсонлардан кимларнидир, албатта, имонга олиб келади, деб ишонтиришимиз мумкин. Азиз радио тингловчи биродарлар, мана шу айтиб ўтганларимиз, ўйлайманки, ҳар бир биродармизни энг яхши орзуларини амалга ошишида қўл келади. Агар шу ташкил бўлган гуруҳларда яна яхши шогирдлик ишлари олиб борилса ва келажакда шу шогирдлар орқали Худо Ўзининг янги ишларини амалга оширса, кўплаб масиҳий уй гуруҳлари тезлик билан ривожланиб кетишига ҳеч кимда шубҳа қолмаса керак. Шогирдликни бир дарёга ухшатиш мумкин. Дарё оққан сари кучайиб боради, унинг оқишига кимдир тўсқинлик қилса, албатта, ўзининг қирғоғидан тошиб кетади ва ён атрофдаги чўлу биёбонларга ҳам сув етиб боради. Сув етиб бориб атроф-муҳит кукаламзорга айланади, у ерларда энди хоҳлаган экинларни экиб кўкартириш мумкин. Азиз биродарлар. шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга, яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com вақт топиб бизнинг ушбу сайтимизга албатта ташриф буюрасиз деган умиддамиз. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top