3:15

Руҳий ғалаба 163

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, шайтон доимо Худованднинг режаларини бузишга уриниб келган. У ҳатто биз, масиҳий инсонларни ҳам ҳаётда адаштириб, Худога қарши гуноҳ ишларни қилишга мажбурлайди. Кўпинча буни биз ўзимизнинг имонимиз кучсизлигига йўямиз. Кўпчилигимиз ўйлаймизки, шайтон фақатгина инсонларни васваса орқали синайди деб. Йўқ, у турли усуллар билан барча масиҳийларга қаршилик қилади. Ҳатто қийинчиликлар орқали ҳам йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Шайтон шуни истайдики, масиҳийларнинг ҳаёти доимо муаммоларга тўла бўлишини ва яхши ҳаёт кечиришимизни у умуман истамайди.

Сабаби, инсон шундай ўйлаши мумкинки: нима учун Худо мени шундай аҳволга солиб қўйди? Нима учун У менга ёрдам бермаяпти? — деб. Шайтон шундай йўл тутса, инсонларни Худодан воз кечиб, яна гуноҳ йўлга бошлаб бориш осонроқ бўлади. Булардан ташқари, шайтон қувғинлар орқали ҳам биродарларга ҳужум қилади. Ҳатто айтишимиз мумкинки, ҳозир у шу усулни кўпроқ ишлатяпти деб. Шайтонда ҳам ақл бор, у ҳам ҳар бир жойда шароитга қараб иш кўради. Масалан, қувғин яхшироқ ишлаши мумкин бўлган жойда инсонларга шу усулни қўллайди. Бошқа жойларда эса яна шароитга қараб иш кўради. Охирги пайтда кўплаб биродарларимиз қувғинга учради, деб айтишимиз мумкин. Лекин кўпчилик биродарлар Худованднинг кучи билан мустаҳкам тура олди, деб айтишимиз мумкин. Албатта, енгилиб қолган биродарлар ҳам йўқ эмас.

Азиз биродарлар, шундай руҳий жанг пайтида бир-биримизга далда бўлиш жуда муҳим. Яқинда бир биродаримиз қувғинга учради. Албатта, унинг ҳаётида бу биринчи марта эди, шунинг учун у ва оиласи анча ташвишга тушиб қолди. Шунда биз биродарлар билан биргаликда унинг оиласи ва ўзи билан учрашдик, гаплашдик, биргаликда ибодат қилдик. Бошқа биродарларга ҳам унинг олдига тез-тез бориб, бирга ибодат қилиб туришлари тўғрисида айтдик. Хуллас, шу биродаримиз тезда руҳан тикланиб, яна Худога хизмат қилиш тўғрисида ўйлади. Айтмоқчиманки, шайтон ҳужум қилган пайтда ҳам руҳан тушиб қолмасдан, унга қарши руҳий жангни давом эттиринг. Бу жуда муҳим. Кимдир айтиши мумкин: сизга радио ортидан туриб маслаҳат бериш осон, — деб. Азиз биродар, барчамизнинг ҳаётимизда нимадир содир бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиб туради. Чунки Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаёти шундай тарзда бўлган эди.

Азизлар, турли сабаблар бўлиб Худодан узоқлашиб кетганлар бўлса, бугун сиз азиз биродарларимизга қарата шундай деб айтмоқчиман: Худованд сизни севади, ва у сизни яна қайта қабул қилади. Бир пайтлар сизнинг Худодан узоқлашиб кетишингизда Худованд ҳам, ўзингиз ҳам айбдор эмассиз. Бунда фақатгина шайтон айбдор ва у кўпчиликни алдаб Худодан узоқлаштириш мақсадида юрибди. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизлардан таклиф ва мулоҳазаларингиз битилган мактубларингизни кутиб қоламан. Бизнинг электрон почтамизнинг манзили эса қуйидагича: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top