3:12

Руҳий ғалаба 173

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, Филиппияликларга мактубининг 1 боби 10 оятида шундай ёзилган: “Сизлар юқори қадриятни қадрламоғингиз лозим, токи Масиҳнинг келадиган кунида пок ва беайб бўлинглар”. Азизлар, агар бизда бўлган бошқаларга севги-муҳаббат кўрсатиш инъоми ривожланиб бораётган бўлса, демак, биз Исо Масиҳ билан биргаликда ўсиб бораётганимиздан даракдир. Бу бизни яна ҳақиқат камарини маҳкам боғлашимизга сабаб бўлади.

Худованднинг олдида пок бўлиш дегани, бу “ҳақиқат” сўзи билан бир хил, деб айтишимиз мумкин. Айрим изланувчиларнинг фикрича, “пок” деган сўзнинг биринчи маъноси юнончадан таржима қилганимизда, “буғдойни элаш” деган маънони билдирган. Агар шундай деб қарайдиган бўлсак, барча имонли биродарларнинг ҳаётидаги яхши ва гуноҳ ишлари бирма-бир элакдан ўтиши лозим. Эланган буғдой сифатли ва ишлатиш учун муносиб бўлади. Яна бир мисол келтириб ўтсам. Қадимда энг яхши сопол идиш қанчалик юпқа бўлса, шунчалик сифатли ҳисобланар эди. Одатда шундай идишларни чиройли бўёқлар билан бўяб ишлов беришган.

Шунинг учун ҳам уларнинг нархи бошқаларига нисбатан бирмунча қимматроқ ҳисобланар эди. Юпқа қилиб ишланган сопол идишлар печда пиширишдан аввал ҳам, пиширилганидан кейин ҳам жуда нозик бўлган. Шунинг учун улар печда пишаётган пайтида ёрилиб кетарди. Ёрилган идишлар эса яроқсиз бўлгани учун уларни ташлаб юборишар эдилар. Лекин айрим нопок сотувчилар бундай идишларни олиб махсус елимлар билан елимлаб қўйишар эди. Агар идишда бўёқлар кўп бўлса, бундай ёриқлар билинмас эди. Лекин тажрибали сотиб олувчилар ёриқ идишларни тезда фарқлар эдилар.

Улар идишларни олиб қуёшга тутиб кўришар эди. Қуёшда идишнинг ёриқлари аниқ кўриниб турар эди. Шу билан бирга айрим пок сотувчилар ҳам бўлган, улар ёриқ идишларга албатта белги қўйиб ёзиб қўйишар эди. Азиз радио тингловчи биродарлар, биз масиҳийларнинг ҳаётида ҳеч қандай елим билан ёриқларимизни яшириб қўйган жойларимиз бўлмаслиги лозим. Агар айрим камчиликларимизни яшириб юрган бўлсак, демак, биз иккиюзламачи бўлиб қолганмиз. Иккиюзламачи масиҳийлар эса Худони олдида пок эмас. Худога ўзини бағишлаган инсон пок ва ростгўй инсон бўлиши керак.

Ҳозир ибодатхонада ҳам иккиюзламачи биродарлар кам бўлса-да топилади. Бугунги эшиттиришимиз орқали шундай биродарларга қарата мурожаат қилиб айтмоқчимизки, “азизлар, Худони кўз ўнгида ростгўй ҳаёт кечиришга ўрганинг, У барчасидан хабардор. Худони алдашнинг иложи йўқ. Нотўғри ҳаёт кечириб фақатгина ўзимизни алдаяпмиз холос. Худованд иккиюзламачиларни ёқтирмайди”. Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб сиз, азизларга, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com азиз биродарлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top