Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан Худога раҳматлар айтиб, бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз. Марҳамат, тингланг. Ҳурмали радио тингловчи биродарлар, бугунги мавзуимиз буюк сув тошқини ҳақида боради. Сабаби, кўпчилик Худога ишонмайдиган дўстларимиз, айнан Нуҳ пайғамбар даврида бўлган воқеани бироз кулгили деб ҳисоблайдилар. Азиз дўстлар, келинг, эшиттиришимизнинг бошидаёқ айтиб қўйсак: Нуҳ даврида бўлиб ўтган сув тошқини — бу юз фоизли ҳақиқатдир. Албатта, кўп миллатларда ва давлатларда сув тошқини ҳақида турли хил гаплар ҳам бор.
Лекин Найнаво ва Бобилда топилган ёзувлар тахминан 4 минг йил илгари қилингани ва буюк сув тошқини ҳақида айрим ҳақиқатларни ўзида жолики яна бир бор айтаётганларимизни исботлайди. Раббимиз Исо Масиҳ Нуҳ даври ҳақида Матто китобининг 24 боби 38 ва 39 оятларида айрим ҳақиқатларини айтиб ўтган эди: ”Тўфонгача бўлган кунларда, то Нуҳ пайғамбар кемага кирган кунигача еб ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Улар бўлғуси офатдан бехабар юрганда, тўфон келиб, ҳаммасини қириб ташлади. Инсон ўғлининг келиши ҳам худди шундай бўлади.”
Шунингдек, Бутрус ҳам ушбу тўфон ҳақида огоҳлантирган эди. Ушбу оятни 1 Бутрус китобининг 3 боби 20 оятидан ўқиб кўрамиз: “Булар қадим замонда, Нуҳ пайғамбар ўз кемасини қураётган замонда Худонинг сабрини инобатга олмай, итоатсиз бўлган эдилар. Ўша кемадан оз киши, яъни саккиз жонгина сувдан ўтиб қутилган эдилар.” Албатта, Нуҳ пайғамбар яшаган жойдаги барча қишлоқ ва шаҳарларни сув тошқини ювиб ташлаган эди. Лекин шунга қарамай, айрим деталлар сақланиб қолгани барчамизни ҳайрон қолдиради. Буни давримизда яшаб изланишлар олиб бораётган айрим олимлар ҳам исботлашган. Энди сиз, азиз дўстларимизда савол туғилиши муқаррар.
Тўфон бўлган пайтда бутун ер юзи сув тошқинидан зарар кўрганми ёки фақатгина айрим жойларми? — деган савол. Албатта, Муқаддас Китобни ўқиганимизда, бутун ер юзи сув остида қолганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, ер юзидаги барча жониворлар ва одамлар ҳам қирилиб кетган эди. Буннинг сабаби барчамизга маълум. Гуноҳ Худованд томонидан, албатта, ўз жазосини олади. Азизлар, Худованд учун нимадир қилиш жуда осон. Унинг ўзи дунёни яратилиш пайтида барча сувларни бир жойга тўплаганидек, шу сувларни бутун ер юзи бўйлаб ёйиб юбориши ва осмондан сув қопқоқларини ҳам очиб юбориши мумкин. Азиз дўстлар, Нуҳнинг барча айтган ҳақиқатларига кўпчилик ишонмаган эди. Шунга яраша улар ўз жазоларини олишди.
Раббимизнинг хочдаги ўлими, биз гуноҳкор инсонлар учун тўкилган муқаддас қони ҳам айни ҳақиқатдир. Кимки Раббимизга ишониб Унга имон келтирса, албатта, нажот олади. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинг, азиз дўстлар.