Ассалому алайкум азизлар. Биз бир неча сафардан буён сизлар билан кичик туюлган аммо чуқур мавзулар хақида сухбатлашаяпмиз. Бу мавзулар хаётий ва Худованд йўлида юришимига ёрдам берадиган мавзулар. Хар биримизнинг ўз орзуларимиз ва ниятларимиз бор. Хеч биримиз бу орзулардан осонликча воз кечмаймиз. Биз бир нарсани ёшлигимиздан бери орзу қилаётан бўлсак, бундан воз кечиш имконсиздай туюлади. Орамизда имонли аммо ўз орзу- ниятларига ёпишиб олган инсонлар бор. Улар хаётидаги жуда кўп нарсаларни Худованднинг қўлларига топширган, бироқ орзуларини қучоғида асрайдилар. Бунга ўзларининг кучлари билан эришмоқчи бўладилар. Хар биримиз бир йил ёки бир ойга маълум бир режалар қиламиз. Юрагимиздаги ниятларимизни амалга оширишни режа қиламиз. Қай бирларимиз, шу ойда мен у ёки бу ишларни қилиб, шунча пул топаман, ва шу пулга бирорта орзумизни амалга оширмоқчи бўламиз. Қисқа қилиб айтганда биз юрагимиздаги орзу-ниятларимизни қачон амалга оширишни режалаштирамиз. Сиз ўша орзуларингизни амалга оширишни режа қилаётганингизда бир нарсани ёдингизда тутинг. Хар доим Худованд айтгани бўлади. Сиз бор кучингиз билан ўз ниятларингизни амалга оширишга интиласиз. Уларни хеч кимга ишонмай юрагингиз тубида асрайсиз. Аммо сизларга бир нарсани айтай, агар биз ўз хохишларимиз ва орзуларимизни Худовандга ишониб топширмасак, У бизга тайёрлаган меросга эга бўлолмаймиз. Яна Исо Масихга ўхшаган бўлаолмаймиз. Исо Масих бизга шундай деган эди: “Ким ўз жонини аямоқчи бўлса уни йўқотади. Лекин ким Мен учун жонини йўқотса, жон топади”. Демак Худованднинг панохида яшашимиз учун, ўз режаларимиздан ва орзуларимиздан воз кечиб, шундай дейишимиз керак: “Худовандим менинг иродам эмас, Сенинг ироданг бўлсин.” Бундай дейиш ва орзуларимизни, режаларимизни Унга топшириш осон иш эмас. Лекин бир йўли бор. Биз Худовандимиздан юрагимиздаги Унга тўғри келмайдиган орзуларни олиб ташлашини ва аксинча Унинг иродасидаги орзуларни қўйишини сўрашимиз керак. Агар сизнинг режаларингиз Худонинг иродасига тўғри келмаса, У сиздаги шу режаларни амалга ошириш хохишини йўқотади ва ўрнига Ўзининг иродасини ошкор қилади. Ўз орзуларимиздан воз кечиш қийин ва оғриқли бўлиши мумкин, айниқса узоқ вақт шу орзу билан яшаган бўлсангиз. Аммо айтингчи, Худованд баракаламаган орзуларни амалга ошириш умрингизни сарфлашингизга арзирмикан? Худонинг иродасига тўғри келмайдиган орзуингизни амалга оширдингиз хам дейилик, кейин нима топасиз? БИр умр харакат қилганингиз хеч нимага арзимайдиган бўлиб чиққанида ўзингизни қандай хис қиласиз? Шунинг учун биз Худованд юрагимизга солган орзу билан яшашимиз керак. Юрагингиздаги орзулар Худованддан келган тақдирда хам, барибир уларни Худовандга топширишингиз керак. Худованд орзуларга эмас, Унга боғланишимизни истайди. Юрагингиздаги орзуларни бажариш учун жон жахдингиз билан харакат қилишингиз Унга маъқул эмас. Унга энг кераклиги ва Уни мамнун қила оладиган нарса сизнинг Унга бўлган ишончингиздир, қолган барча орзуларни Унинг ўзи хаётингизда амалга оширади. Хар биримиз дунёга нима учун келганимизни билишимиз керак. Хар биримиз аниқ бир мақсад билан яратилганимизни билишимиз керак. Агар шу мақсадни ва биз учун белгиланган ишни бажармасак, бахтли бўлолмаймиз. Агар биз кичик ишда Худога бўлган ишончимизни кўрсата олмасак, У бизга катта ишларни кўрсатмайди. Агар хозир кичик бир иш билан машғул бўлсангиз, қувонинг. Чунки олдинда Худованд сиз учун катта ишларни тайёрлаб қўйган. Каломда бу хақида ёзилгани эсингиздами: «Кичик ишда садоқатли бўлган, катта ишларда хам садоқатлидир.” Хозир сизларга айтадиган гапимиз, юрагингиздаги хамма орзуларингизни Худованд ихтиёрига қўйинг. Унинг ЎЗи сиздаги орзу-ниятларни ва режаларни сараласин. Сўнгра Худованд сизга берган хар қандай ишни кичик демай, бажаринг. Чунки кичик ишга садоқатли бўлсангиз, олдинда сизни катта иш кутиб турган бўлади. Бу ишларда сизга омад тилаб қоламиз.