Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Азиз биродарлар, албатта, барча уй жамоатлари гуруҳларининг мақсадлари ва интилишлари бир. Шунинг учун ҳам доимо ҳар бир гуруҳ бир-бири билан мустаҳкам алоқани ушлаб туриши лозим.
Агар имконият бўлса, бир-бирига яқин бўлган гуруҳлар биргаликда байрамларни нишонлаши ва лагерларда биргаликда бўлиши, шу билан бирга турли маросим ва тадбирларни ҳам бирга ташкиллаштиришлари мумкин. Мана шу бирлик биродарларни янада бир-бирларига бўлган муносабатини яқинлаштиради. Улар турли вазиятларда бир-бирларига суянишади ва биргаликда ибодат қилишни ўрганишади.
Баъзан уй гуруҳлари жойлашган ердан анча узоқда кимдир имонга келиши мумкин. Шундай пайтларда бошқа гуруҳ аъзолари уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб туришлари мумкин. Чунки янги туғилган чақалоқ доимо кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлади. Азиз биродарлар, гуруҳингиздаги ҳар бир аъзо доимо кимнингдир муҳтожлиги учун ярайди, шундай экан, уларнинг ҳар бирини авайлаш лозим.
Янги имонга келган биродарлар учун энг муҳим нарсалардан бири — доимо ким биландир учрашиб туришдир. Шу орқали уларнинг имони янада мустаҳкамланади. Гуруҳ аъзоларидан кимдир янги имонли биродарни кўришга борса, у кейинги сафар шу янги имонли биродарни ўз уйига таклиф қилиши мумкин. Ёки бўлмаса, бошқа бир нейтрал жойда учрашиш ҳам мумкин.
Янги имонга келган кишини бошидан бошлаб кимдир ўзига шогирд қилиб олиши мумкин. Улар биргаликда ибодат қилиб, Инжилдаги Худонинг сўзларни биргаликда ўқиб ўрганишлари ҳам мумкин бўлади. Агар янги имонли биродарнинг ҳаётида яхши ўзгаришлар бўлиб борса, албатта, унинг яқинлари ҳам шу биродарнинг имони ҳақида қизиқиб қолишади. Шу орқали бошқаларга ҳам Худонинг сўзи етиб боради. Албатта, жанг қурбонсиз бўлмайди деганларидек, турли хил муаммолар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Лекин барчаси вақтинчалик. Каломда айтилганидек, охиригача чидаган қутилади.
Азиз биродар, шунинг учун янги имонли биродар учун ва унинг яқинлари учун кўпроқ ибодат қилишимиз керак. Агар янги имонли биродаримизнинг яқинлари ҳам имонга келса, шу жойнинг ўзида бошқа гуруҳ ташкил қилишимиз мумкин. Шу йўсинда гуруҳларнинг сони кўпайиб боради. Янги ташкил бўлган гуруҳни бошида вақтинчалик бошқариб туриш учун имонда кучли биродарни танлаган маъқул. Чунки у гуруҳ ташкил бўлган жойдан кимнидир тайёрлаб, гуруҳ бошқарувчиси қилиб тайинлаши керак. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга, ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинг.