3:00

Уй гуруҳлари 72

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан яна бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, келинг бугун эшиттиришимиз орқали кичик уй жамоатлари нима ўзи деган савол устида бироз бош қотирсак. Кичик уй гуруҳларига асосланган жамоатлар ҳақида ўрганмоқчи бўлсак, аввало Худованднинг жамоатлари ҳақида аниқ бир тасаввурга эга бўлишимиз зарур.

Азизлар, сиз қатнаётган кичик уй жамоатлари ҳам, сиз бошқараётган кичик уй гуруҳлари ҳам Худованднинг жамоатларидир. Ҳурматли етакчилар, асло бу менинг жамоатим ёки мен бу жамоатни ташкил этганман деб гапирманг, барчаси Худонинг сиз орқали амалга оширган ишларидир. Агар Худованд истаса, хоҳлаган жамоатларини бошқа бир инсон орқали ҳам бошқаришимиз мумкин.

Агарда ушбу уй гуруҳига асосланган кичик жамоатларнинг таълимоти нотўғри бўлса, Худо бундай жамоатларни тарқатиб юбориши ёки Ўзи хоҳлаган ишини қилиши мумкин, деб айтишимиз мумкин. Ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг: бу буюк ва қудратли Худодир. “Бир баданда кўп узув бор. Баданнинг узувлари кўп бўлсада, улар бир баданни ташкил этади. Масиҳ жамоати ҳам шундайдир”. Ҳурматли биродарлар, демак, жамоатлар бир бадан экан. Жамоат аъзолари ҳам унинг узувларидир. Бу дегани, кимдир қўли бўлса, яна бошқаси оёқдир. Тасаввур қилинг, агарда бирон жойингизни кесиб олсангиз, бутун танангиз билан ушбу оғриқни ҳис этасиз. Демак, кичик уй жамоатларидаги биродарлар ҳам шунчалик бир-бирига яқинки, улар бир оиладек, ака- укадек бўлиб кетишлари керак. Жамоатдаги турли хил ортиқча гап-сўзлар ва хафачиликлар эса шайтоннинг ёвуз ниятидир. У оёқни қўлдан, қўлни эса оёқдан ажратиб ташлашни истайди. Қўли ёки оёғи йўқ инсон эса албатта тўла қонли ҳаракатда бўлиши анча мушкулдир.

Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, жамоат бу — Худонинг халқидир. 1Бутрус 2 боб 9 оятни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Аммо сизлар — танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар. Худо сизларни қоронғуликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар”. Кўпинча жамоат деганда бинода йиғиладиган биродарлар ва катта ибодатхонани кўз олдимизга келтирамиз. Лекин ҳозиргина ўқиган оятимиз орқали шуни тушунишимиз мумкинки, жамоат бу — бирлашган биродарлардир.

Азиз биродарлар, бир-бирингиздан ҳеч қачон узоқлашманг. Доимо бир-биримиз учун ибодатда бўлайлик. Шунда Худованднинг марҳамати ва мукофоти ҳар биримизнинг устимизда бўлади. Шунинг билан азизлар, бугунги мавзуимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top